Ўзбекистонлик собиқ футбол ҳаками Равшан Эрматов Россия футбол иттифоқи президенти ҳузуридаги ҳакамлар комиссияси аъзосига айланди, деб хабар берди РФИ матбуот хизмати.

Равшан Эрматов Россия Премьер-лигаси баҳсларини бошқариб борувчи ҳакамлар фаолиятини таҳлил қилиб, РФИда футбол ҳакамлари эксперти вазифасини бажаради.

У футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига ҳакамлик қилиш бўйича рекордчи ҳисобланади — 2018 йил 25 июнь ҳолатига кўра, ўн битта ўйинда бош ҳакам сифатида ишлаган. Эрматов энг яхши ҳакам сифатида Globe Soccer Awards мукофотига ҳам лойиқ кўрилган.

Бундан ташқари, Равшан Эрматов IFFHS талқини бўйича 2011−2020 йиллар оралиғидаги энг яхши реферилар рўйхатига қиритилган.

Эслатиб ўтамиз, Равшан Эрматов 2019 йилда ҳакамлик фаолиятини якунлади ҳамда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президенти ўринбосари лавозимида иш бошлади. Шу йилнинг июль ойида у ЎФА биринчи вице-президенти бўлди.

Эрматов 2020 йилда ЎФА биринчи вице-президенти лавозимини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

2021 йилнинг апрель ойида Равшан Эрматов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти этиб сайланди. 2021 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб яна ЎФА биринчи вице-президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда.