Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Наманган вилоятида чет эл валюталарини Қирғизистон орқали хорижий мамлакатларга юбориш билан шуғулланиб келган ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи (1985 ва 1992 й.т.) ака-ука Lacetti автомашинасида «ўзбек-қирғиз» давлат чегараси томон ҳаракатланиб кетаётган вақтларида тўхтатилган. Автомобиль кўздан кечирилганда унинг орқа ўриндиғи пастки қисмида бир дона полиэтилен пакетда 205 минг 600 доллар, синтетик қопда эса 836 минг 300 доллар, шунингдек, бошқа бир синтетик қопда 800 минг доллар, жами 1 млн 841минг 900 доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур чет эл валюта қимматликларини етказиб бераётган шахсларни аниқлаш мақсадида тадбир давом эттирилиб, Косонсой туманида тадбиркорлик билан шуғулланувчи (1989 й.т.) шахс қўлга олинган. «Унинг Malibu русумли автомашинаси кўздан кечирилганда, салон қисмида 167 минг 100 доллари борлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.