Тошкентдаги 21-сонли меҳрибонлик уйининг эшиклари ёпилди, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий гвардияси шафелигидаги Mehribonlik.uz сайти.

Бу ерда 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган 122 нафар бола тарбияланган. Бугунги кунда 67 нафар тарбияланувчи оилавий шароитда вояга етаётган бўлса, уларнинг 12 нафари бугун пойтахтда барпо этилган 5 та оилавий болалар уйида улғаймоқда.

«Олти нафар бола ота-онаси ёки яқин қариндошларига қайтарилди. Булар ота-онасидан бирини ёқотган ёки бутунлай ота-онасидан айрилган болалардир, бироқ Миллий гвардия ва ҳамкор вазирликларнинг саъй-ҳаракатлари билан уларнинг қариндошлари топилиб, оиласи бағрига қайтарилди. 50 дан ортиқ ўғил-қизлар васийликка олинди. Болалар 18 ёшга тўлиб, вояга етгач муассасани тарк этди», — дейилади маъмурият хабарида.

Натижада 21-сонли меҳрибонлик уйида атиги 27 нафар тарбияланувчи қолди. Шу боис, барча болалар Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган А.Хлебушкина номидаги 22-сонли меҳрибоник уйига ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида президент қарори билан «Меҳрибонлик» уйлари, ССВ тизимидаги Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйлари Миллий гвардияга бириктирилганди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашиш топширилганди.

Маълумот учун, 2021 йил охирида Миллий гвардия 1200 га яқин боланинг асраб олинишига ёрдамлашгани, 7 та меҳрибонлик уйи ва 3 та болалар шаҳарчаси ёпилгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳозирда Mehribonlik.uz сайтидаги мавжуд маълумотларга асосан, «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларидаги қарийб 2 минг нафар тарбияланувчи қариндошлари ёки оилалар тарбиясига берилган. 20 га яқин «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйлари ёпилган.

Апрель ойида Болалар омбудсмани Алия Юнусова 21-меҳрибонлик уйида болалар ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари бузилиши, болаларга нисбатан зўравонлик, жумладан, болаларни психиатрия шифохонасига мажбуран юбориб келинганлиги ҳолатлари кузатилгани ҳақида хабар берган эди. Май ойида эса маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари аниқланиб, меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.