2022/2023 ўқув йили учун давлат ОТМларининг магистратура мутахассисликларига қабул бўйича онлайн рўйхатдан ўтган 10 031 нафар фуқаронинг аризалари тўлиқ кўриб чиқилди, деб хабар берди Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик хабарига кўра, топширилган аризаларнинг ярмидан кўпи қайтарилиб, уларнинг орасидан 5219 таси қабул қилинган.

Улар орасида хорижий тил сертификатига эгалар — 4582 тани ташкил этади.

Қуйидаги 637 та талабгор эса танловда иштирок этмасдан имтиёзга эга бўлган:

  • давлат стипендиантлари — 296 та;
  • кимё, биология ва информатика йўналишлари бўйича имтиёзли диплом эгалари — 159 та;
  • кимё, биология, физика ва информатика фан олимпиадалари ғолиблари — 12 та;
  • кўзи ожизлар тоифасига кирувчи аъло баҳоларга ўқиган битирувчилар — 170 та.

«Талабгорлар магистратура қабул натижаларини magistr.edu.uz платформасидаги шахсий кабинети орқали билиб олишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Аввалроқ олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистонда магистратурага кириш учун ҳужжат қабул қилиш жараёнида топширилаётган сертификатларнинг 70 фоизи сохталаштирилгани ҳақида гапирган эди.

2022/2023 ўқув йили учун давлат ОТМларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларига кўра, магистратурага 10 688 нафар квота ажратилган.

Шунингдек, президент қарори билан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул йилда икки марта бўлиб ўтиши белгиланди.