Сурхондарё вилоятида ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатнинг олди олинди, деб хабар берди вилоят ИИБ матбуот хизмати.

ИИБ хабарига кўра, фуқаро О.О. Сариосиё туманида яшовчи бошқа бир шахс О.З. фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан 22 сотих ерни ҳар бир сотихини 800 долларидан, жами 17,6 минг долларга сотмоқчи бўлганини маълум қилади.

«Вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан туманнинг „Анорзор“ маҳалласида ўтказилган тадбирда фуқаро О.З. 22 сотих ер учун 17,6 минг доллар олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан О.Зга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган.