Президент томонидан 2022−2023 йилларда АКТ соҳасини ривожлантиришга доир қарор имзоланди.

Қаророга мувофиқ қуйидаги асосий вазифалар белгиланди:

  • 2022 йил якунига қадар аҳоли яшаш масканларини кенг полосали мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари бўйлаб юқори тезликдаги мобил интернет қамровини 60 фоизга етказилади;
  • 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида АКТни қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади;
  • 1 ноябрдан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини курсатишга рухсат берилади;
  • 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 млн доллар бўлган президент соврини учун танлов ўтказилади.

Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб АКТ соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ИТСВ ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 млрд сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни президент Юқоричирчиқ туманидаги «Astrum» IT академиясида ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари, ёш дастурчилар, IT ва коммуникация компанияларининг раҳбарлари ва ходимлари билан учрашганди. Inha университети талабаси Ясмина Аблаева Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда ҳар йили IT-мухатассислар учун президент танловини ўтказиш таклифини билдирди. Давлат раҳбари бунинг учун $1 млнлик ажратилишини маълум қилди. «Биз бу пулни топиб, танловни эълон қилишга ҳаракат қиламиз», — деганди президент.

Аввалроқ президент қарори билан нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг АКТ соҳасида ўқиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилиши белгиланган эди. Бунда таълим кредитлари МБнинг асосий ставкасида БҲМнинг 65 бараваригача 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга ажратилиши назарда тутилган.