Ўзбекистондаги айрим қонунларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгиланмаган, кўплаб ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳаларнинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинган. Бу Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган.

Қўмита раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг сўзларига кўра, мониторинг ўтказишга бир қанча омиллар, жумладан, сенаторларнинг жойлардаги ўрганишлари, аҳоли билан бевосита мулоқотлар ва таҳлиллар сабаб бўлган.

«Шунингдек, айрим қонунлардаги нормалар бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган нормаларга зидлиги амалиётда номувофиқликларни келтириб чиқармоқда ва бу эса фуқароларимизнинг ортиқча оворагарчиликларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ҳам», — дея таъкидлади сенатор.

Ушбу ҳужжат қабул қилинганига (президент 2008 йил 7 январда имзо чеккан) орадан 15 йилга яқин вақт ўтган, ундаги 10 дан ортиқ ҳаволаки норманинг мавжудлиги ҳамда қонунчилик ҳужжатларидаги нормаларнинг бир-бирини такрорлаши соҳадаги муносабатлар асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинишига олиб келмоқда.

Шунингдек, қонунда болада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган бўлса-да, унинг механизмлари аниқ белгиланмаган, дейилади хабарда.

«Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг болани вояга етказиш ва тарбиялаш бўйича мажбуриятлари назарда тутилмаган, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи ахборот ёки маълумотдан ҳимоя қилинишига оид нормалар ҳам мавжуд эмас. Болани вояга етказиш ва тарбиялаш бўйича мажбурият аниқ белгиланиши керак», — деди Бахтиёр Сайфуллаев.

Яна бир муҳим жиҳат — дўконлар, савдо марказлари ва бозорларда сотувга қўйилган маҳсулотларнинг ҳамда улар рекламаларининг ваколатли давлат органи томонидан боланинг соғлиғи ва дунёқарашига зарари юзасидан доимий назорат ўрнатиши билан боғлиқ масалалар ёритилмагани ҳам қайд этилди.

БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциясида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи вакиллар болалар уларнинг соғлиғи ёки дунё қарашига зарар етказмайдиган ахборот ёки маълумотдан фойдаланишига жавобгар эканлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Россия қонунчилигида боланинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) қонунчиликка мувофиқ боланинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ва боланинг муомала лаёқати доирасида, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишга қаратилган мустақил ҳаракатларни амалга оширишда ёрдам бериши қайд этилган. Грузиянинг қонунчилигида ваколатли давлат органлари ўсмирларга ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, танқидий фикрлашни ривожлантиришга, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга ёрдам бериши ўз аксини топган. Финляндия қонунчилигида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болани вояга етказиш ва унга ғамхўрлик қилишга мажбур эканлигига оид нормалар келтирилган.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда юқорида қайд этилган масалаларнинг назарда тутилмаганлиги амалиётда кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши, аҳолининг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлиши мумкин, дейди сенатор.

Шу боис, қўмита раиси «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунни манфаатдор идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, амалиётчилар, мутахассислар, шунингдек хорижий экспертлар билан биргаликда тўлиқ ўрганиб чиққан ҳолда, такомиллаштириш лозим деб ҳисоблашини маълум қилди.