Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда, деб хабар берди парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Ваҳобжон Муродқобилов.

Унинг қайд этишича, ҳужжат билан фойдали қазилмалар қуйидаги икки турга ажратилмоқда:

  • асосий фойдали қазилмалар — барча металлар ва углеводородлар;
  • норуда фойдали қазилмалар — цемент, ойна, кимё хомашёлари, мармар, гранит, базальт, қум-шағал, оҳактош ва бошқалар.

Қонун лойиҳасида геологик жиҳатдан кам ўрганилган ҳудудларни блокларга бўлиш тизими жорий этилиши белгиланмоқда. Бунда, тегишли лицензиялар талабгор мурожаатига кўра «биринчи келган биринчи олади» принципи асосида берилади.

Лицензия олишда эса қуйидаги ҳужжатлар талаби бекор қилинмоқда:

  • йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоблар;
  • талабгор молиявий маблағлари;
  • мавжуд техника ва бошқа имкониятлари каби маълумотлар рўйхати.

Шунингдек, ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонларни «E-auksion» платформаси орқали сотиш тизими йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ер қаъри участкаларидан фойдаланишда бир марталик бонуслар ўрнига ҳар йилги тўловлар ҳамда йиллик минимал харажатлар жорий қилинади. Шу билан бирга, ер қаъри участкаларини сотиш, ҳадя қилиш, мерос қилиб қолдириш, омонатга ёки гаровга қўйиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, ер ости бойликларидан фойдаланишдаги махсус ваколатли давлат органларининг ваколат доиралари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бу майдон ёки кондан фойдаланиш тугаганидан сўнг, атроф-муҳитни қайта тиклаш, рекультивация қилиш тадбирларининг молиявий манбаларини тизимли шакллантиришга ёрдам бериши мумкин.

Аввалроқ, ҳукумат қарори билан Давлат геология қўмитаси томонидан фақат Ўзбекистон резидентларига қимматбаҳо металларни қазиб олиш учун 3 йилгача рухсатномалар бериш тартиби жорий этилган эди.

Бунда 5 гектаргача бўлган ер қаъри участкаси ҳар гектарига бошланғич 9,4 млн сўм нархда аукционга қўйилиши кўзда тутилган бўлиб, рухсатнома олганлар иш бошлашдан олдин ҳокимият, Экология, ҳамда Саноат хавфсизлиги қўмиталарини хабардор қилиши белгилаб қўйилган.