Ўзбекистон президенти тадбиркорлар билан мулоқот чоғида уларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳокимларнинг эътиборини бир масалага қаратмоқчиман — мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Яъни, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.

Шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт — тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш билан боғлиқ.

Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм).

Энди, ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади. «Ўйлайманки, шундагина адолат бўлади», — деди давлат раҳбари.

Бешинчи йўналиш тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ.

Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.

Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.

Президент таъкидлаганидек, кичик бизнес вакиллари томонидан солиқ текширувлари билан боғлиқ жарималарнинг тури кўплиги ва оғирлиги масаласи бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Мисол учун, бугунги кунда айланмадан солиқ тўлаётган 370 мингдан зиёд кичик тадбиркорларнинг солиқ бўйича ўртача ойлик тўлови 1 миллион сўм атрофида.

Лекин, касса чеки бермагани учун 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий, шунингдек 3 миллиондан 12 миллион сўмгача маъмурий жарима солинади.

«Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил. Умуман, савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси)», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.

Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.