«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати шу кунларда «Мамлакатни узоқ муддат бошқарган лидер-реформаторлар» (рус тилида бошқачароқ — «Лидеры-реформаторы и политические долгожители» — Лидер-реформаторлар ва сиёсий узоқ умр кўрганлар) сарлавҳаси остида қизиқ бир инфографикани эълон қилди.

«Уларни айримлар ислоҳотчилар, иқтисодий мўжизалар меъморлари, баъзилар эса диктаторлар ва консерватив қарашлар тарафдорлари деб аташади. Лекин барчаси бир жиҳатда ҳамфикр — улар ҳокимият тепасига келишлари билан кенг кўламли ислоҳотлар юз берди, давлат ва жамиятни ўзгартириш учун имкониятлар яратди, мамлакати тарихида янги саҳифалар очди», — дейилади инфографика остидаги матнда.

«Улар — ўз давлатининг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожига замин яратган ислоҳотлар ҳамда дастурлар ташаббускорлари бўлган ҳукумат раҳбарлари, президентлар, партия етакчиларидир. Улар юқори сиёсий аренада 11 йилдан 36 йилгача қолишган», — дея қайд этди ҳаракат.

Инфографика тўлиқ ҳолатда қуйидагича кўришга эга:

Инфографика ҳақиқатан ҳам қизиқарли, чунки унга киритилган шахсларнинг тарихда қолдирган изига ҳар доим ҳам бир хил баҳо бериб бўлмайди. Инфографикага ижтимоий тармоқларда маълум бир муносабат ҳам билдирилди.

Масалан, иқтисодчи Ботир Қобилов «Юксалиш» ислоҳотчи дея атаган Салазарни унинг қўли остидагилар икки йил давомида алдаб, у ҳануз ҳукумат бошлиғидай ўзларини тутганликлари ҳақидаги ҳикояни эслатади (ушбу воқеани машҳур «Britannica» энциклопедияси ҳам келтирган). Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев нимага рўйхатга Гитлер ва Путин киритилмагани масаласини кўтарган. Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича эса, ушбу инфографикадаги калит сўз — «узоқ муддат бошқарган».

Дарҳақиқат, инфографикага киритилган сиёсатчиларни бирлаштирадиган нарса — бу уларнинг ҳокимият тепасида узоқ вақт қолганидир. Мисол учун, Буюк депрессия тўлқинида 1933-йилда АҚШда ҳокимиятга келган ва муҳим ислоҳотларни амалга оширган Франклин Рузвельт иккинчи жаҳон уруши охиригача ҳокимиятда қолиб, тўрт марта олий давлат лавозимига сайланган. Ўша пайтда биринчи президент Жорж Вашингтон томонидан ўрнатилган икки муддат ҳақидаги норасмий қоида ҳали Конституцияда расмий равишда белгиланмаган эди. Бироқ, мазкур норасмий қоидани бузган Рузвельтнинг ҳаракатлари Конституцияга 22-ўзгартириш киритилишига сабаб бўлди ва у 1951 йилдан кучга кирди — мазкур ўзгартириш айни шахснинг давлат раҳбари лавозимига икки мартадан ортиқ сайланишини тақиқлайди.

Рўйхатда келтирилган «мамлакатни узоқ муддат бошқарган» Жавоҳарлал Неру, Индира Ганди, Маргарет Тэтчер, Ангела Меркел парламент бошқаруви шаклига эга мамлакатларда ҳукумат раҳбарлари бўлган. Бундай мамлакатларда, қоида тариқасида, парламентда кўпчилик овозга эга бўлган партия ёки коалиция раҳбари ҳукумат раҳбарига айланади. Парламент монархиялари ёки республикаларининг Конституциялари одатда ҳукумат раҳбарлари учун муддатлар сонига чекловлар қўймайди, чунки парламент томонидан ҳукуматни назорат қилиш механизмлари ҳокимиятнинг бир шахс қўлида жамланишини истисно қилади. Ҳукумат парламент олдида тўлиқ ҳисобдор ва кўпчиликнинг қўллаб-қувватлови ёки ишончини йўқотганда истеъфога чиқади.

Масалан, худди ўшу Маргарет Тэтчер, Буюк Британиянинг бош вазири сифатида учинчи муддатини якунлай олмади ва парламентда кўпчиликнинг овозини йўқотганлиги сабабли истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Ангела Меркелнинг Германиядаги барча кабинетлари коалицион бўлиб, бир қанча партиялар аъзоларини ўз ичига қамраб олганди.

Шуниси эътиборга моликки, Индира Гандининг Ҳиндистондаги биринчи бош вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши намойишлар ва мухолифатни бостириш учун фавқулодда ҳолат жорий этилиши билан якунланди. Гандининг бу ҳаракатларини айримлар «демократияни ўлдириш» ва «диктатуранинг фашистик тури» деб таърифлашганди. Бироқ, бу чоралар Ганди ва унинг партиясини кейинги сайловлардаги мағлубиятдан қутқариб қололмади.

Умуман олганда, ислоҳотларига умид боғланадиган раҳбарларнинг ҳокимиятда узоқ вақт қолиши умидсизлик ва норозилик билан тугашига тарихда кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Мисол учун, «янгича тафаккурга асос солган» («Юксалиш» таърифига кўра) Дэн Сяопин нафақат «Хитой хусусиятларига хос социализм» тамойили, балки, Тяньаньмэнь майдонидаги намойишларни шафқатсизларча бостириши билан ҳам таниқли. Намойишчиларнинг шиорларидан бири қуйидагича эди: «Сотқин амалдорлар йўқолсин». Хитойшунослар Гарвард университетидан Жон Фэрбэнк ва Бостон университетидан Мэрл Голдман ўзларининг «Хитой: Янги тарих» китобида қайд этишларича, «Хитойнинг иқтисодий ўсишига туртки бўлган бозор ислоҳотлари асосий сиёсий ислоҳотлар билан бирга олиб борилмаганлиги сабабли, улар мисли кўрилмаган коррупция ва ижтимоий тенгсизликка олиб келди».

«Юксалиш» ҳаракати мамлакатни узоқ муддат бошқарган айрим сиёсатчиларни «ислоҳотчилар» қаторига киритгани ҳам саволларни туғдиради. Мисол учун, инфографика муаллифлари Антониу ди Салазарни ««Янги давлат»нинг бош меъмори, мафкурачиси ва раҳбари» деб атаб, унинг «янги давлати» моҳиятан фашизм мафкурасининг кучли таъсири остида шаклланган диктатура эканлигини эслатиб ўтишни ёддан чиқаришган. Улар, шунингдек, Салазар томонидан ўз режимининг мухолифлари учун яратилган ва «секин ўлим лагери» номини олган Таррафал концлагерини ҳам унутишган кўринади.

Тадқиқотчи Жак Жоржель ўзининг «Салазаризм» номли китобида шундай деб ёзади: «Португалия режими… тоталитар, полицияга асосланган, анти-либерал, анти-демократик, анти-парламентар, рақибларига нафрат билан қарайдиган ва уларни жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қиладиган режим эди. Бу ҳокимиятни севувчи, қирқ йил ёлғиз яшаган, ўз мамлакати ва халқини ҳалокатга олиб борган майда одам бошқарувидаги фашизм эди».

Рўйхатга киритилган бошқа яна бир мунозарали лидер — ҳарбий тўнтариш ортидан ҳокимият тепасига келган ва кейинчалик президент этиб сайланган Пак Чон Хи бўлади. У Конституцияни чеклаб ўтиб, учинчи муддатга қолишга муваффақ бўлди, бу вақт ичида мамлакат амалда диктатурага айланди ҳамда бу оммавий тартибсизликлар ва Пак Чон Хининг ўлдирилиши билан якунланди. Унинг ўлимидан сўнг, The Washington Post газетасида нашр этилган «Пак мероси: фаровонлик ва қўрқув» номли мақола муаллифлари шундай деб ёзади: «Сўнгги йилларда параноя белгилари пайдо бўлди. Президент саройи — Мовий уйдан ярим мил узоқликдаги меҳмонхона деразалари президент қаерда яшаганини кўришга уринадиган ҳар кимнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш учун беркитиб ташланган эди. У жамоат олдида пайдо бўлганида эса, меҳмонлар унинг келишидан бир соат олдин ўз жойларини эгаллашлари шарт эди».

Умуман олганда мамлакатни узоқ муддат бошқарганлар меросини таҳлил қила туриб, бу мерос нафақат «катта ўзгариш» ва «тарихдаги янги саҳифа»га, балки мутлақ кутилмаган оқибатларга ҳам олиб келиши мумкинлигини кўриш мумкин. Қарорларни қабул қилишдаги мувозанат, ваколатларнинг тақсимланиши, тийиб туриш ва мувозанат тизими ҳамда ҳокимиятнинг алмашиб туриши, эҳтимол, давлат ва жамият барқарорлигини шахсий автократияга қараганда яхшироқ кафолатлайди, бу автократия қанчалик яхши ният билан бошқарилмасин.

Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.