Давлат хавфсизлик хизмат (ДХХ) ҳудудларда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қатор тадбирлар амалга оширилганини маълум қилди.

Жумладан, Фарғона туманида яшовчи, фуқаро (1975 й. т.) бошқарувидаги Damas автомашинаси Тошкентнинг Яшнобод тумани ҳудудида тўхтатилди.

Автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, Қирғизистондан олиб кирилган ва кейинчалик Сирдарё вилояти ҳудудига олиб бориш режалаштирилган 4200 дона «Регапен» ва 1000 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, «Фарғона-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Тошкент шаҳрида яшовчи шахс (1986 й.т.) бошқарувидаги Nexia-2 Тошкентдаги «Шарқ» йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинанинг юкхонасидаги метан газ балонининг ичига хуфиёна тарзда яширилган 999 дона «Тропикамид» ва 3356 дона «Регапен» кучли таъсир этувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шу билан бирга, Фарғона вилоятида яшовчи шахс (1987 й. т.) Тошкент вилояти Ўртасарой тумани ҳудудида қўлга олиниб, унинг юк сумкаси кўздан кечирилганда, унда 900 дона «Тропикамид» ва 1680 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Тошкентда ўтказилган тезкор тадбирда эса «Бектемир» йўл-патрул хизмати маскани ҳудудида Lacetti автомашинаси текширилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган шахсга тегишли полиэтилин пакетда 504 дона «Регапен», 91 дона «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.