10 августга ўтар кечаси Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳидан Қуръоннинг қўлёзма нусхасини ўғрилаганликда гумонланаётган шахслар ушланди, деб хабар берди Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор қидирув ишлари натижасида мазкур китобни Чортоқ тумани ва Наманган шаҳрида яшовчи икки нафар шахс ўғрилагани аниқланган.


Улар Қуръоннинг қўлёзма нусхасини Наманган шаҳрининг Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида яширинча сақлаб келгани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, ашёвий далил сифатида олинган Қуръоннинг қўлёзма нусхасига ҳеч қандай зарар етказилмаган.

Гумонланувчилар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасига (Ушлаб туриш асослари) мувофиқ қўлга олинган. Ҳолат юзасидан тегров ҳаракатлари давом эттирилмоқда.