Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ ва фермер хўжалиги раҳбарлари аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Иштихон туманида ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, «X.e.» фермер хўжалиги раҳбари М.Ж. 780 млн сўм имтиёзли кредит эвазига хориждан олиб келинган 31 бош наслли қорамолларни сотиб юбориб, кредит маблағини ўзлаштириб юборган. Маълум бўлишича, ушбу маблағлар хўжаликка чорвачиликни ривожлантириш ва хориждан наслли чорва молларини сотиб олиш учун ажратилган.

Худди шундай ҳолат Ангрен шаҳрида ҳам аниқланган. Ўтказилган терговга қадар текширувда, «М.О.» МЧЖ раҳбари А.Ў балиқчиликни ривожлантириш учун ажратилган 490 млн сўм имтиёзли кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб, ўзлаштириб юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.