Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август кунининг иккинчи ярмида Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида Жидда шаҳрига келди. Ташриф тафсилотлари ҳақида Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Макка минтақаси раҳбарлари, инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Шундан сўнг, Жидда шаҳридаги «Қаср ас-Салам» саройида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Шавкат Мирзиёевни Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд қарши олди.


Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари ижро этилди.

Ундан кейин эса Ўзбекистон президенти ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси музокараларни бошлаб юборди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистон Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказишни сўради.

Таъкидланишича, турли даражалардаги алоқалар анча фаоллашгани мамнуният билан таъкидланди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кегашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, икки мамлакат муносабатларни, энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга.

Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонига илк давлат ташрифи бунинг учун кенг имкониятлар очишига ишонч билдирди.

Олий даражадаги музокаралар қарашлар ва интилишларнинг муштараклигини намоён этди. Саудияда «Нигоҳ — 2030» Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани юксак баҳоланди. Мамлакатда жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари ушбу дастурга ҳамоҳангдир. Давлатларда рақамли ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ишбилармонларнинг алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилди. Мамлакатда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлади.


«Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун „кучли сигнал“ бўлишига аминман. Давлатларимиз тадбиркорлари мулоқотимиз натижаларини интиқлик ва катта қизиқиш билан кутаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

Энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Бугунги кунда кунда «ACWA Power» компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган. Кимё тармоғида «SABIC» компанияси билан шериклик истиқболлидир.

Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида мамлакатимиз ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

17 август куни Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.

Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бугунги кунда мамлакатда 10 мингдан зиёд талаба БМТнинг расмий тили ҳисобланган араб тилини ўрганмоқда.

Халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Музокараларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг қатор жиҳатлар юзасидан қарашлари ва ёндашувлари ўхшашлиги намоён бўлди. Давлатлар халқаро доирада бир-бирини доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёднинг «Expo — 2030» Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказиш учун номзодини қўллаб-қувватламоқда, дейилади хабарда.

Хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилди.

Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлади.

Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди.

Ўзбекистон президентининг ташрифи шарафига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд номидан қабул маросими ўтказилди.

Ташриф суратларда