18−19 август кунлари шимолий ярим шар хусусан, Ўзбекистонда ҳам магнит бўронининг ўта фаол босқичи кузатилади. Кун давомида G3 ва G4 даражага эга 5−6 баллик магнит бўронлари бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» мутахассиси Эркин Абдулаҳадов хабар берди.

G4 даражалик магнит бўрони юқорироқ таъсир кучига эга бўлиб, 6 баллик магнит майдон геомагнит пўртана (шторм) кучига эга. Бу куч алоқа, электр тармоқлари, навигация тизими, сунъий йўлдошлар парвози, қувур ва трубалардаги индукция оқими, геологик қидирув ишлари ҳамда инсон саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Таъкидланишича, кун давомида жуда ҳам кўпчиликда бош орқа қисмида карахтлилик ва бироз кўнгил айниш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Магнит бўронларининг инсон саломатлигига бевосита таъсири фанда ўз исботини топмади. Аммо шунга қарамай, магнит бўрони бошланишидан 1 кун олдин яъни қуёш фотосферасида чақнашлар рўй берганда айрим об-ҳаво ўзгаришига мойил кишилар кучли зўриқишларга дуч келишади.

ССВ бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидованинг таъкидлашича, магнит бўрони инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, бундан айниқса, артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар кўпроқ азият чекади.

«Магнит бўрони бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган. Шундай экан, бундай вазиятда, аввало, овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кўпроқ ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган банан ва бошқа цитрус неъматлардан истеъмол қилиш зарур», — деди у.

Унинг таъкидлашича, сурункали касалликларга чалинганлар ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим. «Кун давомида бир марта душ қабул қилиш ҳам катта фойда беради. Қон босимидан шикояти бор беморлар кўпроқ сув ичиб, шўр таомларни камроқ истеъмол қилганлари маъқул. Чунки туз қон босими ошишига сабаб бўлади», — деди ССВ бош неврологи.

Магнит бўронлари — компас магнит милининг сурилишини қўзғатувчи Ер магнит майдонининг кескин ўзгариши ҳисобланади. Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг катта ҳудудларида, баъзан бутун Ер юзида кузатилади. У кўпинча, тун вақтига тўғри келади ва одатда, қутбий ёғду, момақалдироқ, зилзила пайтида содир бўлади ҳамда ҳар 11 йилда кузатиладиган Қуёш фаоллигининг кучайиши даврида тез-тез такрорланиб туради.