Конья (Туркия) шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари турли спорт йўналишларида яна 21 та медални қўлга киритди.

Дзюдо

-100 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган ўзбекистонлдик дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпиони бўлди. У финалда Рио-2016 олимпия ўйинлари финалчиси озарбайжонлик Элмар Гасимовни мағлубиятга учратди.


Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси аъзоси Гулноза Матниязова Ислом бирдамлиги ўйинларида делегация ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим этди. У -70 кг вазн тоифасининг финал беллашувида тунислик Ниҳел Ландолсига қарши курашиб, ғалабага эришди.

Ислом бирдамлиги ўйинларида +100 кг вазн тоифасида қатнашган дзюдочи Алишер Юсупов финалда БАА вакили Магомедумар Магомедумаровга имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медалга сазовор бўлди.


-81 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Шарофиддин Болтабоев учинчи ўрин учун курашда озарбайжонлик Зелим Ткаевни мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди.


Аёллар ўртасидаги дзюдо беллашувларида -70 кг вазн тоифасида Шоҳиста Назарова бронза медали учун курашда эронлик Марям Барбатдан устун келди.


Дзюдо бўйича -90 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Давлат Бобонов Ислом бирдамлиги ўйинларининг бронза медалига сазовор бўлди.

Сузиш

Эркаклар ўртасида 4×100 метрга комплекс усулда сузиш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси (Алексей Тарасенко, Элдорбек Усмонов, Владислав Мустафин, Хуршиджон Турсунов) ўйинлар рекордини ўрнатди ва олтин медални қўлга киритди.

100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Алексей Тарасенко олтин (49,54 сония) ва Хуршиджон Турсунов кумуш (49,61) медалга сазовор бўлди.

Қиличбозлик

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон эркаклар термаси рапира дастурида жамоавий баҳсларда Туркия терма жамоасини 45:36 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.

Умида Илясова, Камила Мирзаева, Илаида Гедикли, Маржона Усмоновадан иборат қиличбозлик бўйича Ўзбекистон аёллар термаси эса рапира дастурида жамоавий баҳсларда туркиялик атлетларга имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.

18 ёшли Шаҳзода Эгамбердиева қиличбозликнинг шпага дастурида финалда туркиялик Алейна Эртуркга ютқазиб, кумуш медалга эга бўлди.

Шпага бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистон жамоасидан устун келиб, сабля бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Мали устидан ғалабага эришиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида шпага қуролида бронза медали учун кечган баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси Сенегал устидан ғалабага эришди. Таркиб: Шаҳзода Эгамбердиева, Севара Раҳимова, Дилназ Муртазаева, Маржона Зубайдуллоева.

Қорақалпоқ қиличбозлик мактабининг вакилларидан бири Муса Аймуратов Ислом бирдамлиги ўйинларида шоҳсупага кўтарилди. У сабля бўйича яккалик дастурида ярим финалгача етиб бориб, бронза медалига сазовор бўлди.

Камондан отиш бўйича терма жамоа аъзолари Амирхон Садиков ҳамда Зиёдахон Абдусатторова микст дастурида бронза медалини қўлга киритди.

Спорт гимнастикаси

Оксана Чусовитина, Дилдора Арипова ҳамда Оминахон Ҳалиловадан иборат Ўзбекистон спорт гимнастикачилари триода кумуш медалга сазовор бўлди.

Спорт гимнастикасининг аёллар ўртасидаги кўпкураш дастурида иштирок этган Дилдора Арипова 48.400 балл жамғариб, кумуш медални қўлга киритди.

Каратэ

-67 кг вазн тоифасида жанг қилган Садриддин Сайматов Ўзбекистон делегациясига олтин медални тақдим этди. У ҳал қилувчи беллашувда Марокаш вакилидан устун келиб, Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпионига айланди.

Каратэ баҳсларида -55 кг вазн тоифасида иштирок этган Севинч Раҳимова бронза медали учун кечган жангда индонезиялик рақибасини мағлубиятга учратди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 август санасида V Ислом бирдамлиги ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилади. Мусобақанинг сўнгги кунида тўртта спорт тури бўйича медаллар ўз эгаларига топширилади.