Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги «Меҳр-саховат уйи» уй-жойсиз шахсларни реабилитация қилиш маркази капитал таъмирдан сўнг иш фаолиятини тиклади. Қурилиш ишлари мартдан июнгача олиб борилди.

Бошпанада ёзги ошхона пайдо бўлди, турар-жойлар, душ ва ҳожатхоналар, ошхона, дам олиш маскани ва кутубхона таъмирланди, дея маълум қилди жума кунги пресс-турда Тошкент ИИБ матбуот хизмати бошлиғи Нилуфар Исохонова.

«Хоналарга янги каравотлар ва чойшаблар олиб келинди, ҳаво алмаштириш тизими яхшиланди, иситиш тизими ўрнатилди, иккита кондиционер ва телевизор ўрнатилди, янги ошхона қурилди», — дея санаб ўтди Нилуфар Исохонова.

Бундан ташқари, бу ерда истиқомат қилувчининг ҳар бирида индивидуал идиш-товоқлар пайдо бўлди.

«Меҳр-саховат» уйи Тошкентдаги уйсизлар учун биринчи ва ҳозирча ягона марказдир. Бошпана пойтахт ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан 2018 йилнинг июнь ойида очилган эди. Бундай марказлар барча вилоятларда мавжуд. Бироқ доимий яшаш имконияти фақат пойтахт шелтери томонидан тақдим этилади.

Соҳиба Усмонова марказнинг илк муқимларидан бири. Аёл бошпанага тўрт йил аввал келган.

«Марказ муқимлари учун кунига уч маҳал овқат тайёрлайман. Бўш вақтимда китоб ўқишни, телевизор кўришни ва бошқалар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Ўзимни фойдали ва керакли ҳис қилиш менга ёқади», — дейди аёл табассум билан.

Келажакда оила қуриб, ўз уйига эга бўлишни истайди ва бу ердаги барчанинг орзуси шу бўлса керак, дейди.

«Марказимизда турли одамлар яшайди: маҳаллий аҳоли ҳам, бошқа жойдан келганлар ҳам, — деди «Газета.uz»га марказ директори Наргиза Тўлқинова. — Уларнинг барчаси қайсидир сабаблар билан бошпанасиз қолган ва бизга уй излаб келган. Баъзан ўзимиз кўчада кимнидир топиб, бу ерга олиб келамиз».

Наргиза Тўлқинова.

55 ёшли Феруза Шоабдуллаева ҳам бошпанага шундай тушиб қолган. У умрининг кўп қисмини кўчада ўтказди. Отаси вафотидан кейин ўн беш ёшли қизчани ўгай онаси уйдан ҳайдаб юборган, дейди аёл. «Меҳр-саховат» уйида тақдир уни Шоикром Умаров билан учраштирди. Феруза унга турмушга чиқди. Ҳозир у черковда фаррош бўлиб ишлайди, қолган вақтда эса янги келганларнинг бошпанага кўникишига ёрдам беради.

Марказга келган ҳар бир киши ётоқхона, уч маҳал овқат, зарурат бўлганда кийим-кечак ва дори-дармонлар билан таъминланади. Марказ муқимлари жойлардаги соғлиқни сақлаш бўлимларида мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Агар бирон бир касаллик аниқланса, улар шифохоналарга юборилади.

«Марказ 200 ўринга мўлжалланган. Ташриф буюрувчилар сони доим ўзгариб туради, — дейди бошпана директори Наргиза Тўлқинова. — Пандемия даврида муқимлар сони 1200 кишига етди. Бугунги кунда атиги 101 киши истиқомат қилади. Совуқ тушиш бошланиши билан кўпчилик қайтиб келади. Қишда муқимлар сони беш-етти баравар ортади».

«Баъзида одамлар бизга ёрдамлашишади: қўнғироқ қилиб, ўз ҳудудида уйсизлар борлиги ҳақида хабар беришади, — дейди марказ директори. — Уларни олиб келамиз ва ихтиёрий равишда бу ерга жойлаштирамиз. Баъзилар кейинроқ кетишни хоҳлашади, биз уларни қўйиб юборамиз. Аммо вақт ўтиб, яна қайтиб келишади».

Бошпана барча қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолганларни қабул қилади. Тўрт йиллик фаолият давомида марказда истиқомат қилган 9850 нафар фуқародан 2500 нафардан ортиғи шахси аниқлангандан сўнг қариндошларининг олдига қайтишга муваффақ бўлди. Ҳукуматнинг реабилитация марказлари тўғрисидаги қарорига кўра, мамлакатдаги барча бошпаналар ўз муқимларига ана шундай ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

«Кимдир [пойтахт маркази ходимлари томонидан] оилаларига қайтарилди, кимдир «Мурувват» уйларига жойлаштирилди, баъзилар эса бошқа давлатларда бўлган болаларининг олдига жўнатилди, — дея маълум қилди «Газета.uz»га Тошкент ИИББ матбуот хизмати. — Кимгадир ҳужжатларни тиклашга ёрдам берилди, кўпчилик иш ва уй топди. Кўпчиликка ходимларим пенсия олишлари учун ариза топширишда ёрдам беришди, улар нафақасини карточкаларига олишмоқда. Ҳеч қаерда яшаш жойи йўқлар эса «Меҳр-саховат» уйида яшамоқда».

Тошкент ИИББ жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Завқий Дўсмуродовнинг айтишича, марказлар ходимлари бошпанага келган фуқароларнинг барча зарур ҳужжатлари мавжудлигини текширади. 2018 йилнинг июнь ойидан буён пойтахт марказида яшовчи 3500 нафар фуқарога йўқолган ёки мавжуд бўлмаган ҳужжатлари тайёрлаб берилди.

Завқий Дўсмуродов.

Улардан бири — 25 ёшли йигитни бошпана ходимлари вокзалда хотирасини йўқотган ҳолатда топишди. Йигит кимлигини эслай олмади, лекин марказда олган Бунёд номи унга мос келади. У бўш вақтларида мусиқа тинглашни ва ҳайвонларни парвариш қилишни яхши кўради. Таъмирдан сўнг марказда анча кўпайиб қолган шу каби рўзғор юмушларини Бунёд ва бошпананинг бошқа муқимлари ўз зиммасига олишмоқда.

Таъмирлашдан олдин бошпанада мушук ва ит бор эди. Ҳозир эса уларга қуён, кабутарлар, товуқ ва хўрозлар қўшилган. Ҳудуднинг ободонлаштирилиши ва жониворлар муқимлар ҳаётини янада ёрқинроқ қилишига марказ ходимларининг ишончи комил.

Марказ ҳудудини ободонлаштириш 71 ёшли Илья Романовичнинг севимли машғулотларидан. Майсаларни суғоради, гуллар экади, дарахтларга ғамхўрлик қилади. У мевали дарахтлар экиб, муқимларни мева ҳосили билан сийлашни режалаштирмоқда.

Илья Романовичнинг айтишича, у соғлиғи туфайли узоқ вақт касалхонада яшаган. Аҳволи яхшилангач, йўқолган ҳужжатларни тиклашга ва уй-жой топишга ҳаракат қилган.

«Ҳамма жойга ёрдам сўраб мурожаат қилдим, ҳатто порталга ҳам ёздим. Гоҳ у, гоҳ бу ерда яшадим. Бу ерга келгунимча шундай сарсон-саргардон бўлишимга тўғри келди. Бу ерда улар менга ёрдам беришди: улар менга жой беришди ва барча ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозир ойлик нафақа оламан», — дейди Илья Романович.

Тошкент ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исохонованинг айтишича, 2023 йилгача марказда яна бир турар-жой биносини қуриш, шунингдек, спорт майдончаларини очиш, китоб клуби ташкил этиш режалаштирилган.

«Бу ерда одамлар ўзини одамдек ҳис қилиши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқдамиз», — дейди Нилуфар Исохонова.

«Ҳозир ҳатто муқимлар ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшиланди, — деди марказда яшовчилардан бири Вячеслав Аваков. — Ҳеч ким уришмайди, ҳамма бир-бири билан баҳамжиҳат яшайди. Албатта, кимдир бирор нарсадан норози бўладиган пайтлар бўлади, лекин барча низолар тинч йўл билан ҳал қилинади. Энг муҳими, бу ердаги атмосфера илиқлашди. Бу ерда тўшакка михланган, кўзи ожиз парваришга муҳтож инсонлар бор. Уларга қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Ҳожатхонага олиб борамиз, кийинтирамиз ёки овқат олиб келамиз. Шунингдек, тозаликни назорат қилиб борамиз ва хонада тартибни сақлашга интиламиз».

Вячеслав 66 ёшда. Унинг айтишича, қиш кунларининг бирида шу ерга келиб қолмагунча узоқ вақт кўчада яшаган.

«Борадиган жойим, уйим йўқ. Мен ўз жойимни шу ерда топдим. Асосийси, бизни хафа қилишмайди ва бизда ҳаммаси яхши. Гоҳ-гоҳида бизга керак бўлиб қоладигани, бу — озгина илиқлик ва ғамхўрлик», — дейди Вячеслав.