2022 йилнинг олти ойи давомида иш жойида муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги оқибатида 116 нафар киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Таъкидланишича, келиб чиққан жами 398 та бахтсиз ҳодиса махсус текширувдан ўтказилган. Шундан 24 таси гуруҳий (бир нафар ортиқ киши иштирокида), 86 таси эса ўлим билан тугаган. 288 таси оқибати оғир бахтсиз ҳодисадир. Натижада 116 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 311 нафари оғир ва 6 киши енгил тан жароҳат олган.

«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 33-моддасига асосан, иш берувчи ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қоплаши керак», — дейилади вазирлик баёнотида.

Таҳлилларга кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп бахтсиз ҳодисалар Тошкент шаҳри (86 та), Тошкент (60 та), Навоий вилоятлари (47 та) ва Қорақалпоғистон Республикаси (34 та)да юз берган.

Аввалроқ, 2022 йил бошидан бери 14 мингдан ортиқ ташкилот ва корхоналарда ўрганишлар ўтказилиб, 41 150 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунга кўра, 5935 нафар мансабдор 12 млрд 57 млн сўмлик жаримага тортилган. Қонунбузарликлар кўпроқ — Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида учраётгани таъкидланганди.