Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш учун улардан пул талаб қилаётган ходимлар ҳам учраб турибди. Бу ҳақда 17 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг олти ойи давомида вазирлик тизимида фаолият олиб борувчи ходимлар томонидан ишсизларни ишга жойлаштириб қўйишда амалий ёрдам бериш оқибатида учта мана шундай ҳолат кузатилган.


Фото: АОКА

«Биз бундай ҳолатлар статистикасини ўрганамиз. Нафақат ўрганиб борамиз, балки бу каби ҳолатлар қайси вилоятлар ва соҳада учраётганини таҳлил ҳам қиламиз ва ўша соҳа масъуллари билан ишлашга ҳаракат қиламиз. Жойларда ташкилотларни жалб қилган ҳолда, меҳнат ярмаркалари ўтказамиз. Ташкилотларда бўш иш ўринлари бўлса, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ҳудудлардаги турли ижтимоий тармоқлар орқали маълумот бериб, тарғиб қилиб борамиз», — дейди Нозим Ҳусанов.

Аввалроқ, 2022 йил бошидан бери 14 мингдан ортиқ ташкилот ва корхоналарда ўрганишлар ўтказилиб, 41 150 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунга кўра, 5935 нафар мансабдор 12 млрд 57 млн сўмлик жаримага тортилган. Қонунбузарликлар кўпроқ — Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларида учраётгани таъкидланганди.