18 август куни таҳминан соат 14:30 ларда Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида Isuzu автобусининг газ баллони портлади.

ФВВ ахборот хизматининг дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.

Маълумотларга кўра, автобус Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган ва метан газ тўлдириб чиққан вақтда унга ўрнатилган газ баллонларининг бирида ёрилиш содир бўлган.

Ҳодиса жойига Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ етиб борган. Шунингдек, воқеа жойида вилоят ҳамда туман ФВБ, ИИВ, ССВ раҳбарияти, прокуратура ходимлари томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.