Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Туркманистон ва Эрон Транспорт вазирликлари билан халқаро юк ташувлари режимини соддалаштириш бўйича келишувларга эришди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 15−16 август кунлари Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлатлар Транспорт вазирларининг «Ашхобод жараёни: ўзаро боғлиқликни кучайтириш учун» мавзусидаги халқаро конференциясида иштирок этди.

Конференсия доирасида Илҳом Маҳкамов Туркманистон Транспорт ва коммуникациялар агентлиги бош директори Мамметхан Чакиев ҳамда Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Саид Рустам Қосимий билан транспорт ва логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, юк ташувларида ўзаро имтиёзлар тақдим этиш ва миллий ташувчиларга қулайликлар яратиш масаласида икки томонлама музокаралар ўтказди.

Мамметхан Чакиев билан бўлиб ўтган музокаралар давомида томонлар Ашхобод битими доирасида «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» халқаро транспорт ва транзит йўлаги орқали юкларни Туркияга (Ван кўли орқали) интермодал ташувларларини ташкил этиш, автомобиль ташувларида ундириладиган йиғимларни қисқартириш, Ўзбекистон миллий ҳайдовчиларига Туркманистон визасини олиш тартибини соддалаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Эрон йўл ва шаҳарсозлик вазири Саид Рустам Қосимий билан бўлиб ўтган музокараларда автомобилда халқаро юк ташувлари учун ўрнатилган йиғим ва тўловлар миқдорини қисқартириш, «Чобаҳор» портидан Ўзбекистонга пилот юк автомобил ташувларни ташкил этиш, Ўзбекистон орқали «Хитой-Европа» транспорт йўналишида ташувларни ривожлантириш мақсадида Эрон томони билан Туркиянинг Ван кўли орқали ташувлар схемасини ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишилди.

Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта муқаддам президент Шавкат Мирзиёев экспортёрлар учун энг мақбул йўналишларни ишлаб чиқиш ва уларнинг транспорт харажатларини камайтириш, экспорт юкларини Европага олиб ўтиш учун қўшимча рухсатномалар олиш масалаларини ҳал этиш бўйича топшириқлар берган эди. Давлат раҳбари автомобилда юк ташиш учун Покистон ва Туркманистон билан қўшма транспорт компаниялари ташкил этиш таклифини билдирди.