«Тошкент» халқаро аэропорти Германиянинг Wanzl компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 1000 та янги юк араваларини қабул қилиб олди. Учиб кетиш ва учиб келиш залларига керакли миқдорда юк аравалари етказилди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

«Бир ой олдин Тошкент аэропортида юк аравалари билан боғлиқ қийин вазият юзага келган эди. Abadiya Trade хусусий корхонаси олдиндан огоҳлантирмасдан ва шартнома шартларини бузган ҳолда ушбу хизматни кўрсатишдан бош тортган ва барча юк араваларини олиб кетган эди. Uzbekistan Airports бошқарув компанияси минтақавий аэропортлардан бир қанча юк араваларини Тошкентга олиб келишга, шунингдек, қисқа вақт ичида маҳаллий ишлаб чиқарувчидан аравалар партиясига буюртма беришга мажбур бўлганди», — дейилади хабарда.

Айни пайтда аэропорт ўз багаж аравалари билан тўлиқ таъминланган. Яқин кунларда барча ҳудудий аэропортларга янги хизмат кўрсатиш аравалари ҳам келтирилади.