15 август куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби Нодирбек Якуббаев ва турнир иштирокчиси Нилуфар Якуббаева ҳамда уларнинг отаси Хоразм вилояти Хазорасп тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими Муродбек Искандаров билан учрашди.

ДСҚ матбуот хизматининг хабар беришича, қўмита раиси оламшумул ғалаба билан Нодирбек ҳамда унинг ота-онасини табриклаб, «барча солиқчилар Муродбек Искандаровдан ўрнак олиши лозимлигини, фарзандлар истеъдодини аниқлаш ва уни тўғри йўналтириш мана шундай натижа беришини таъкидлади».

Бундан ташқари, Шерзод Кудбиев ўз буйруғи билан Муродбек Искандаровга навбатдаги унвонни берди.

«Якунда Шерзод Кудбиев юртимиз фахру ифтихорига айланган Нодирбек Ёқуббоев ва унинг ота-онасига самимий миннатдорлик билдириб, „Хумсон“ санаторийсига йўлланма ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тарихда илк бор ғолибликни қўлга киритди. Чемпионларга 600 млн сўм, фахрий унвонлар, медаллар ва Equinox автомобиллари топширилди. Иккинчи доскада ўйнаган 20 ёшли Нодирбек Якуббаев (2620) 11 турда 5 та ғалаба, 6 та дуранг қайд этиб, бирорта ҳам мағлубиятга учрамади (8/11). Натижада, унинг турнирдаги кўрсаткичи 2759 бўлиб, доскалар бўйича бронза медалига сазовор бўлди.