16 августда Берн шаҳрида (Швейцария) «Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида»ги битим имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Февралда келишув бошлаб юборилган битимни Ўзбекистон номидан адлия вазири Русланбек Давлетов ва Швейцария номидан президент Иньяцио Кассис имзолади. Маросимда, шунингдек БМТ вакиллари, хусусан БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармаси офиси ижрочи координатори Ж. Топпинг иштирок этди.

Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млнАҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади.

Битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига (тақрибан 1,4 трлн сўм) тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда:

  • очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;
  • ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;
  • қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;
  • Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.

Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилади.

Реституция БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармалари тизимига кирувчи «Uzbekistan Vision 2030» кўп-шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.

Жамғарма тегишли функция ва ваколатларга эга бўлган қуйидаги маъмурий-ташкилий тузилмага эга:

  • Юқори даражадаги стратегик қўмита (Ўзбекистон ва Швейцариядан бир нафардан юқори мартабали вакил) — жамғарма фаолияти бўйича стратегик қарорлар қабул қилади.
  • Бошқарув қўмитаси (Ўзбекистон, Швейцария ва БМТдан бир нафардан вакил) — жамғарманинг операцион фаолияти, шу жумладан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тўлиқ консенсус асосида қарорлар қабул қилади.

Бундан ташқари, ташкилий тузилма таркибига жамғарма фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида ва иш ҳақисиз амалга оширадиган Ўзбекистон ва Швейцария фуқаролик жамияти вакилларидан ҳамда халқаро ноҳукумат ташкилотларидан иборат Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши ҳам киради.

Бошқарув қўмитаси томонидан тасдиқланган лойиҳалар БМТнинг Ўзбекистондаги тегишли идоралари томонидан Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилади.

Амалга оширилган ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги барча маълумотлар очиқ эълон қилинади ва кенг жамоатчиликка тақдим этилади.

Бундай тизим коррупция ва бошқа хавфларни минималлаштиради, шунингдек маблағларни сарфлашда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.

Ушбу битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадамдир.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган"ликда айблаган эди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилган эди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ижтимоий тармоқларда Каримованинг соғлиги оғирлашганига оид тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланган эди. «Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилганди хабарда.

Қолаверса, 2022 йилнинг 30 июнида Канаданинг The Globe and Mail нашри Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин қилинаётган ҳашаматли кўчмас мулк у қамоқдалик вақтида 68,4 млн долларга қайта сотилган бўлиши мумкин, дея хабар берганди.

2022 йилнинг 23 июлига келиб, Швейцария апелляция суди Гулнора Каримовага қўйилган пора олиш бўйича айблов юзасидан унинг адвокатлари киритган шикоятни қисман қаноатлантирди. Мазкур суд қарори унга музлатиб қўйилган 303 млн доллар маблағни қайтариб олишга ёрдам бериши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg Law.