15 август куни Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигонида «АрМИ-2022» VIII Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари бошланди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Очилиш маросимида Ўзбекистон ва унда қатнашувчи давлатлар Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, сенаторлар, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Жорий йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоалари «АрМИ-2022» ўйинларининг 21 та йўналишида иштирок этади. 37 йўналишни қамраб олган мусобақаларда дунёнинг 37 давлатидан жами 257 жамоа қатнашмоқда. Ўйинлар Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган.

2021 йилги ўйинларда 42 давлатдан 277 жамоа иштирок этган бўлса, Ўзбекистон ҳарбийлари 24 йўналиш бўйича ўтказилган мусобақаларда 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаганди.