2023 йил 1 январдан янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади. Адлия вазирлигининг хабар беришича, бу Ўзбекистон президентининг 11 августдаги фармонида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, ҳужжатга асосан 1 ноябргача қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва «Хорижга чиқиш паспорти» ахборот тизими билан интеграция қилиниши таъминланади. Яъни, ушбу хизматдан қарздорлиги бор фуқароларга хорижга чиқиши тақиқланиши мумкин.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 январгача аҳолини унинг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловлар бўйича қарздорлиги ҳақида фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларни юритиш биллинг тизими орқали хабардор қилиш тизими жорий этилади.

Қўшимча равишда, 1 октябргача аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўловларни барча мавжуд тўлов тизимлари орқали амалга ошириш имконияти яратилади.