14 август куни Арманистоннинг Ереван шаҳрида жойлашган «Сурмалу» улгуржи-чакана бозорида йирик портлаш содир бўлди. Бунинг натижасида 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг ФВВ маълумотларига асосланган ҳолда «Новости-Армения» агентлиги хабар берди.

Жабрланганлар сони 60 дан ортиқ, бедарак йўқолганлар эса 17 киши, дея таҳмин қилинмоқда. Мамлакат ФВВ 911 ҳизматига келиб тушган қўнғироқлар асосида уларнинг рўйхатини тақдим этди.

Аниқланишича, портлаш пиротехника воситалари сақланадиган омборхонада юз берган. Портлаш натижасида ёнғин келиб чиққан ва биноларга жиддий шикаст етган. Ёнғинни бартараф этиш билан ФВВ бошлиғи Армен Памбухчян шуғулланган.

Арманистон тергов қўмитаси томонидан «Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиш» ҳамда «Портловчи, тез алангаланувчи ва ёнувчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш оқибатида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш, одам ўлимига ва бошқа оғир оқибатлар олиб келиш» каби моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари борилмоқда.