11 июнь куни соат 04:10 ларда Бухоро вилояти Когон шаҳар газчилар қўрғонида жойлашган «Когон магистрал газ қувурлари» бошқармасида ёнғин содир бўлганди.

Воқеа жойига 8 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та махсус техника соат 04:13 да етиб борган ва ёнғин соат 05:50 да ўчирилган.

«Ўзтрансгаз» АЖ томонидан ОАВ вакиллари учун Бухорога ташкил этилган пресс-турда маълум қилинишича, 11 июнь кунги ёнғин «Когон магистрал газ қувурлари»га қарашли КС-1 газ компрессори станциясида содир бўлган.

«Ўша куни назорат қилиб бўлмайдиган авария юз берган. Станция 1964 йилда ишга туширилган бўлса, шу пайтгача бундай ҳолат ҳеч кузатилмаган. Ёнғин муҳофаза қилувчи кранлар орқали 12−15 дақиқада ўчирилган. Ҳодиса оқибатида 16 минг куб газ ёнган, станцияга 56 миллион сўм зарар етган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — деди «Когон магистрал газ қувурлари» етакчи муҳандиси Илҳом Остонов.

Унинг қўшимча қилишича, бинони демонтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган. Станцияни тиклаш-таъмирлаш ишларига тўртта лойиҳа институти жалб қилинган. Жараённи жорий йилнинг октбярь ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.


Нодирбек Амонов

«Когон магистрал газ қувурлари» бошқармаси бошлиғи Нодирбек Амонов тармоқларда авария натижасида қиш мавсумида Фарғона водийси газсиз қолиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди.

«Аслида бу гаплар асоссиз. Шу сабаб ҳам биз ОАВ вакиллари ва блогерларни воқеа жойига таклиф қилиб, тўғри ахборотни беряпмиз. Шуни алоҳида айтишим керакки, биз Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бермаймиз», — деди Нодирбек Амонов.

Унинг сўзларига кўра, бошқарма таркибидаги газ қувурлари узунлиги умумий 1046 километрни ташкил этади. 1200, 1000, 700, 500 диаметрли газ қувурлари орқали асосан, Бухоро ва Навоий вилоятлари, Самарқанднинг учта туманига газ етказиб берилади.