Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг мурожаатига асосан Қўқон ва Фарғона шаҳридаги икки нодавлат ОТМда терговга қадар текширув ўтказди.

Аниқланишича, «M.А.» ва «V.I.» нодавлат таълим муассасалари раҳбарлари ва ходимлари фуқароларни алдаб, интернет ижтимоий тармоқларида муассаса каналларини очиб, ушбу таълим масканларини битиргач бакалавр даражасини берувчи халқаро дипломга эга бўлишларини айтишган.

«М.А.» таълим муассасаси 174 нафар фуқаронинг 1,1 млрд сўмини, «V.I.» таълим муассасаси 171 нафар фуқаронинг 1 млрд сўмини қўлга киритганликлари аниқланган, дейилади хабарда.

Шунингдек, «V.I.» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Н.А. фуқаролардан ундирган маблағлари ҳисобидан «Lada Vesta» русумли автотранспорт воситасини харид қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.