Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раҳбари Нарзулла Обломуродов тўртта хизмат машинасидан фойдаланиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди.

Аввалроқ, Рост24 нашри ўзининг ишончли манбасига таяниб, қўмита раҳбари «Mercedes», «Тoyota 200», «E-bora» ва «Volkswagen ID-6» автомобиль хизмат қилишини очиқлаганди.

Давлат экология қўмитаси буни «асоссиз хабарлар» дея қайд этди ва қўмита раҳбарияти хизмат автомашиналаридан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга асосан фойдаланиб келаётганини маълум қилди.

«Қўмита раисига 1 та „Мерседес“ автотранспорт воситаси бириктирилган. Шунингдек, зарур ҳолларда хизмат вазифасини ўташ давомида олис ва чекка ҳудудларга хизмат сафари вақтида ёқилғи харажатларини тежаш мақсадида техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган навбатчи электромобиль ишлатилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилишинича, шу йилнинг ўтган даврида қўмитанинг барча ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларининг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 40 дан ортиқ автотранспорт воситалари («Нива», электромобиль, «Дамас») хорижий ҳамкорларнинг техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган. Ушбу автотранспорт воситалари хариди учун бюджет маблағлари умуман сарф қилинмагани айтилмоқда.

Шунингдек, Давлат экология қўмитаси шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон, асосланмаган ахборотни тарқатганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида тегишли жавобгарлик нормалари белгиланганини эслатиб ўтган.

«Газета.uz» 2021 йилнинг декабрида вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлаганди. Ўшанда Давлат экология қўмитаси раисига Mercedes-Benz E 450 русумли (2019 йилда ишлаб чиқарилган), биринчи ўринбосарига Toyota Prado (2016 -йил), яна икки ўринбосарга — Captiva ажратилгани ҳақида ёзгандик.

2021 йил якунидаги хабарларга асосан, Экология қўмитасининг хизмат автомобиллари рўйхатидан УАЗ Патриот, Cobalt, Damas, Lada Niva ва XRAY, Hyundai H-1 автомобиллари ҳам ўрин олган.