Андижон ва Тошкент шаҳрида ўқишга киритиш ва кўчириш билан боғлик ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу хақда ДХХнинг махсус каналида хабар берилади.

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон туманида яшовчи шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг қариндошини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижон шаҳридаги олийгоҳлардан бирига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Оққўрғон туманида яшовчи шахс фирибгарлик йўли билан маҳаллий фуқародан унинг танишини пойтахтдаги олий таълим муассасаларидан бирига ўзининг таниши орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 5 минг доллар олган вақтида қўлга олинди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган ушбу олий таълим муассасаси ходими ҳам 5 минг доллар олган вақтида ушланди.

Шунингдек, гуёки ўзини ДТМ ходими деб таништирган магистрант таниш фуқародан унинг Тожикистондаги институтларидан бирида таълим олаётган қариндошининг ўқишини Тошкент шаҳридаги ОТМлардан бирига кўчириб бериш эвазига $3 минг олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бекобод шаҳар ИЖҚК департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳридаги МЧЖлардан бирининг иш бошқарувчиси фуқародан унинг Тожикистондаги ўқиётган қариндошини Тошкентга кўчириб бериш эвазига $2200 олган вақтида ушланди.

Худди шундай, Бекобод туманида яшовчи фуқаро хозирда Тожикистондаги университетлардан бирининг талабаси мазкур олийгоҳдаги бошқа талабанинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.