Ўзбекистонда январ-июнь ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги хабар берди.

2022 йилнинг июн ойида вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари томонидан Ўзбекистоннинг 108 та шаҳар ва туманларида ижтимоий сўров ўтказилган. Тадқиқот давомида 500 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 5 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26,5 минг нафар фуқаролар қамраб олинган.

2022 йилнинг 1 июн ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19 453,3 минг кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган:

  • Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар — 13 773,6 минг киши (2021 йилга нисбатан 1,9 фоиз ёки 261,3 минг кишига кўп);
  • Расмий секторда — 6 074,4 минг киши (2021 йилга нисбатан 4,1 фоиз ёки 240,6 минг кишига ошган);
  • Норасмий секторда — 5 690,3 минг киши (2021 йилга нисбатан 8,2 фоиз ёки 507,5 минг кишига камайган).

Бунда асосан, норасмий тарзда фаолият кўрсатаётган фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ҳамда бўш турган ерларни экин майдонлари сифатида деҳқон хўжаликларини ташкил қилиш учун ажратиб берилиши ҳисобига эришилган.

Шунингдек, хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2 млн 8800 кишини ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларнинг камайишига сабаб бўлган.

Ўтказилган тадқиқот натижасида 1 млн 326,6 минг киши ишга муҳтожлиги (йил бошида — 1 млн 441,8 минг киши), ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни (9,6%) ташкил этиши маълум бўлди. 16−30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,5 фоиз (15,1%), аёллар орасида эса 12,8 фоизгача тушди.

2022 йилнинг 1 июль ҳолатида республикада иқтисодий нофаол аҳоли 4 млн 353,2 минг кишинига тенг, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 фоизга ёки 38,8 минг кишига ортган.

Бунда, ишлашни хоҳламайдиган ёки дарҳол ишга жойлашишга имконияти йўқлар ўтган йилга нисбатан 183,6 минг кишига камайган бўлса, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган талабалар ҳамда туғруқ таътилидаги аёллар сони 222,4 минг кишига ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари сони 19 миллион 345 минг кишини ташкил этганди. Мамлакатда 1 миллион 441,8 минг киши ишга муҳтож бўлиб, ишсизлик даражаси 9,6 фоизга етди. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, аёллар орасида эса 13,3 фоизни ташкил этди.