Германия ҳамкорлигида иқлим ўзгариши соҳасида янги минтақавий лойиҳаси амалга оширилади. Экоқўмита ва GIZ томонидан буни кўзда тутувчи лойиҳа имзоланди.

Грант лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган.

Унинг умумий қиймати 10 млн еврони ташкил этади ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилади ҳамда 2022−2026 йилларда имплементация қилинади.

Лойиҳа GIZ`нинг «Яшил Марказий Осиё» минтақавий дастури доирасида ишлаб чиқилган.

Экспертларнинг таъкидлашича, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шундай қилиб, 2030 йилга келиб энергия самарадорлиги кўрсаткичи икки баравар ошиши ва ялпи ички маҳсулотнинг углерод истеъмолини пасайиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши Экоқўмита ҳамда иқлим ўзгариши соҳасидаги давлат идоралари мутахассислари учун кадрлар салоҳиятини институционал мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга, Марказий Осиё мамлакатлари билан иқлим кун тартиби бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Шу билан бирга, халқаро молия институтлари ва бошқа халқаро ташкилотларга молиялаштириш учун лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишда кўмаклашади.