2022 йил Абитуриентларига мурожаат
Коррупцияга қарши курашиш ҳамда Ёшлар ишлари агентликлари раҳбарлари, журналист, инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, «Юксалиш» УМҲ раҳбари, ментор ва блогер 2022 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларга ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
2022 йил Абитуриентларига мурожаат
Коррупцияга қарши курашиш ҳамда Ёшлар ишлари агентликлари раҳбарлари, журналист, инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, «Юксалиш» УМҲ раҳбари, ментор ва блогер 2022 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларга ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
Жамиятда ўз ўрнини топиш учун илк қадамларини қўяётган абитуриентлар шу кунларда олий таълим муассасаларига кириш учун катта ҳаёт йўлидаги кичик имтиҳонларидан ўтишмоқда.

«Газета.uz» давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва фаол жамоатчилик вакилларидан 2022 йилги абитуриентлар ва ёшларга ўз маслаҳатлари ҳамда тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Биз уларга учта савол бердик:

1. Абитуриентлик пайтларингизга қайтиб қолсангиз, имтиҳонга киришдан олдин ўзингизга қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?

2. Борди-ю абитуриент кўпчилик сингари муваффақиятсизликка учраса, тушкунликка тушмай, ҳаётда олға қадам босиши учун нима маслаҳат берасиз?

3. Бўлажак талаба мақомига эришадиган ёшларга маслаҳат ва тавсияларингиз.


Эътиборингизга уларнинг жавобларини ҳавола қиламиз.
Алишер Саъдуллаев
Ёшлар ишлари агентлиги директори,
Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси

Имтиҳон ҳам, аслида, оддий кун. Имтиҳон арафасида ва айнан шу куни абитуриентларда бироз ҳаяжон ёки қандайдир босим бўлиши мумкин, аммо бу кўпинча зарарга ишлайди. Бу кунга одатий кундек қараш керак, бор билимларни эса шу куни ишга солиш керак.


Аслида, бугунги замонда ўқишга кира олмаслик фожиа эмас, ёки олий маълумотга эга бўлиш кафолатли келажак ҳам эмас! Ҳаёт ўқишга кира олмаслик билан тугаб қолмайди, у давом этади. Энг муҳими йиқилганда ўрнидан туриб кета олишни билишдир.


Аввало, барча билимли абитуриентлар талаба бўлишларини тилайман. Агар бу ўхшамаса, тушункунликка тушиш керак эмас, чунки ҳаёт давом этаверади, ортда қолган қолиб кетаверади. Бу пайтда яна қайта тайёрланиш керак, астойдил ҳаракат қилган ва билим олган инсон мақсадига етади, албатта.


Хорижий тилларни ўрганишни тавсия қиламан. Тил билиш бугун замон талабига айланиб улгурди. Хорижий тилларни билган инсонга дунё эшиклари ҳам очилади.


Бундан ташқари, энг яхши китобларни, манбаларни бемалол ўқиш ва тушуниш учун ҳам бу энг муҳим омил. Инсон қанча кўп китоб ўқиса, қанча кўп изланса ва ҳаракат қилса, соҳасининг энг кучлиси бўлиб бораверади.

Азиза Қурбонова
Журналист
Абитуриентлик пайтимга қайтиб қолганимда имтиҳонга киришдан олдин ўзимга қанақа маслаҳат берган бўлар эдим? Мен жуда ҳам ҳаяжонланганман, лекин жуда ҳам қаттиқ тайёрланганман, буни ҳам тан олиб айтишим керак. Менда шунақа бўлганки, аълочи синдроми дейди-ку, «сен кирасан, сан кирмасанг бошқа ким киради», деган яқинларимнинг, устозларимнинг гаплари мени баттар ҳаяжонга солган, хавотирга солган. Яъни, сизга ўзингизнинг имкониятингиздан кўпроқ баҳо берилаётганлигини ҳис қилиб турсангиз — қўрқасиз. Сиздан катта нарса кутишаётганлигини билиб турсангиз-у, уни эплай олмайман деган қўрқув одамни қийнайди. Бу ҳар битта чин дилдан тайёрланган абитуриентнинг бошидан ўтса керак. Мана шунақа қўрқув билан имтиҳонга кирганман. Афсуски, тест ечаётганда ўша 2−3 та саволнинг ўрнини алмаштириб титул варағига белгилаганман. Бизда ручка билан тўлдирилади, биласиз. Минг афсуски, мана шу 2−3 та саволнинг ўрнини алмаштириб қўйганим тушларимга кириб чиқиб, қийналиб чиққанман.

Ҳаяжонланиш, қўрқиш керак эмас, ҳамма нарсани унутиш керак. Агар одам тайёрланган, меҳнат қилган бўлса, барибир меҳнатининг озми-кўпми натижасини олади. Биз абитуриент бўлган пайтда қўрқувларимизга бошқа каттароқ сабаблар ҳам бўлган. Чунки, жуда катта баллни тўплай олмасанг жуда ҳам ўқиш қийин эди. Биласиз, сохта балларнинг баланд бўлиб кетиши, гаплашилиши, Х-вариантларнинг олиб кирилиши, ҳар хил "паровоз", усуллар билан ўша имтиҳонда ноҳақликлар, адолатсизликлар кўп бўлган. Яъни, менгача бўлган, бир йил аввал кирган абитуриентлар неча балл тўплаган экан деб, балларни кўрганимизда, бошимиздан капалагимиз учган — роса қўрқинчли эди. «Менинг гуруҳимга бошқалар жавобларни олиб кириб берса, уларнинг Х-варианти бўлса, 100% топса, мен топа олмасам», деб сиқилганман. Тестларни ечаётганда ҳам ишонч билан ечяпман-у, лекин барибир хато бўлса-чи, деган қўрқув бўлган. Шунинг учун ҳам 1−2 та хато қилганим учун ўзимни жуда ҳам кечира олмай, ухлай олмаганман бир неча кун. Ўша пайтларда жуда масъулиятли эдим.

Ҳатто кўп вазн йўқотганман, озиб-тўзиб кетганман, ҳамма эслайди. Биз ўқишга топширган 2005 йилда (имтиҳон бир кун - 1 августда бўлган) тестнинг жавоблари жуда кеч - 13 август куни чиққан, бюджетга 4-ўринда қабул қилинганман. Жуда катта хурсандчилик бўлган оилам учун. Шунда билганманки, ҳаттоки адолатсизликлар даврида ҳам тоза кўнгил билан, яхши меҳнат қилсанг барибир натижа бўлади. Бизнинг пайтда 180 балл билан ҳам контрактга кирганлар ёки юқори балл тўпласа ҳам умуман мандатда бўлмаганлар кўп бўлган. Нима учун, чунки ўша баллар барибир ўйин бўлган ҳолатлар учраган. Кейинчалик ўқишга кирганимизда талабалар, курсдошларимизнинг орасида кимнинг қандай кирганлигини билиб олганмиз.

Мен Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетига ҳужжат топширганман. 3 кун давомида уларнинг орасида қатнаганман, Миллий университетга борганман, Халқаро журналистикага келганман. Яъни, бизда танлов имконияти жуда қийин бўлган, фақат битта жойга топшириш мумкин эди. Ҳозир абитуриентларга жуда ҳам мазза, 5 та имконият бор. Мана шу имкониятдан ҳам агар яхши ўта олишмаса, албатта, айб ўзларида бўлади. Мен шунақа, деб ҳисоблайман. «Муваффақиятсизликка учраса, айб ўзларида бўлади», деганим билан барибир, ҳаётда асосий мақсад диплом олиш, университетга кириш бўлиши керак эмас. Одам яхши касб, ҳунар, билим эгаси бўлиб туриб ҳам, ҳеч қайси университетни битирмасдан яхши даромад топиб, фаровон ҳаёт кечириб, ўзининг орзуларига эришяпти. Бунга кўп мисоллар бор.

Бизнинг пайтда шундай стереотиплар бор эди, ҳақиқатда университетга кирган бола билан кирмаган боланинг имкониятлари икки хил эди. Ҳозир интернет ҳаммани тенглаштирди. Интернет орқали кўп билимларга эга бўлиш мумкин. Яна ноёб касблар пайдо бўляпти. Абитуриент янги машғулот топиши керак. Агар яна кейинги йил ўқишга топшириш нияти бўлмаса, ўзида янги ҳунар ўрганиш учун иштиёқ топиши керак.

Энди олға қадам босиш учун омадсизликдан кейин, албатта одамга мақсад керак. Мақсад агар яна университетга кириш, яна 1−2 марта уриниб кўриш бўлса, кейинги йилгача қаттиқ тайёргарлик кўриш керак — бу шубҳасиз, бусиз иложи йўқ. Яна йил охирида эсга тушиб, яна ўқишга ҳаракат қилиб, мен 10 марта топширганман, 8 марта топширганман деган статистика билан «мақтаниш» нотўғри деб ҳисоблайман. Бу — дангасалик. Бугун ўқишга кириш учун астойдил меҳнат қилган бола киряпти. Бунга шак-шубҳа йўқ.

Лекин киргандан кейин ўқишдан ўзи кутган нарсани топдими, йўқми, мана шу масала кўпроқ муҳим. Мен албатта, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, диплом учун деган фикр унда бўлмаслигини, битта касбни, яхши дўстларни, устозларни топиш, бир соҳани чуқур ўрганиш мақсадида ўқишга киришини, агар шу университет унга билим бермаса, шу билимни ўзи излаб, қидириб топишини истар эдим. Масалан, кўпчилик «агар мен вақтлироқ билганимда, журналистикага кирмас эдим ёки шифокор бўлмас эдим», дейди. Ўқишга кирганда кўпинча ҳафсаласи пир бўлади. Университет бу битта бино, у сизга лекция ўқийдиган, сизга баҳо қўядиган битта шаблон, холос. Университетнинг ичидаги муҳит ва ҳаётни 4 йил ичида ўзингиз яратасиз.

Университетга ўзини бағишлаш, фақат баҳо учун ўқишга кириш шарт эмас. Ўша пайтдан фойдаланиш, дейлик устозлар орқали соҳанинг янги каналларига чиқиш керак. Журналистикада университетда ўқиб туриб, шу касб билан шуғулланиш, фаолиятни бошлаб олиш жуда ҳам осон. Секин-аста таҳририятларга, радио, телевиденияга, интернетга кириб бориш мумкин. Ҳеч бўлмаганда блог очиш, ўзини секин-аста ҳар жабҳада синаб кўриш мумкин. Бизни касбда жараёнга кириш барибир осонроқ. Шунинг учун ҳам тўхтамаслик керак.

Талаба бўлдим, деб кўпчилик ўз устига ишлашни ташлаб қўяди. Абитуриентлик пайти яхши тайёрланади, катта иштиёқ билан ўқишга киргандан кейин эса бўшашиб қолади. Бўшашмаслик керак, ўрганилган тил охирига етиши лозим. Масалан, инглиз тилини бошладингми, қайсидир даражага олиб чиққунча тинмаслик, доим амалиётда синаб туриш керак. Ёки ўша касбингда қандайдир илмий йўналиш сенга ёқяптими, шуни маҳкам ушлаш керак. Бизда кўпинча университетга киргандан кейин фақат сессиядан сессиягача яшалади, бу — хато.
Акмал Бурханов
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
«Абитуриент — ўзига ишонч» деган принцип асосида ўйлашни маслаҳат берган бўлардим. Яъни бу давр — ўзини йўқотмасликни, орзу ва танлов қаршисида тўғри қарор қабул қила олишни талаб этадиган нозик ва машаққатли давр. Эсдан чиқармаслик керакки, бу пайтда абитуриентга билимдан ўзга нажот ҳам, суянч ҳам йўқ. Шу боис ҳар доим ўзига, ўз билимига ишонишни, бу пайт орзулар рўёбга чиқиши учун энг катта имконият эканлигини такрор ва такрор ёдда тутиши керак.

«Муваффақиятсизлик бу — имконият». Ўқишга кира олмасангиз, демак билингки, бу сизга янада кучлироқ бўлишга, яна ҳам юқори марраларни забт этиш учун имкониятдир. Кейинги йилги имтиҳонларда қатнашишга сизга қўшимча вақт берилди, деганидир. Фақатгина бундан оқилона фойдалана олиш муҳим. Бу — қўшимча билим олиш, хорижий тилни мукаммал ўрганиш ва ўз устингизда янаям кўпроқ ишлаш демакдир. Кимдир эрта, кимдир кечроқ орзусига эришади, энг муҳими — ишонч ва натижа.

Талабалик — бир томондан ҳаётнинг энг ёрқин дамлари, иккинчи томондан бой берилиши мумкин бўлган давр. Бу даврда имкон қадар мувозанатни сақлай била олиш керак. Бунда ҳам талабалик гаштини суриш, янги дўстлар орттириш, жисмонан ва маънан соғлом бўлишга интилиш, ҳам янги билим ва кўникмаларни ўрганиш муҳимдир. Талабалик йилларидан ҳар томонлама, унумли фойдаланинг!
Дилфуза Куролова
Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, медиатор

Орқага қайтиб гапирадиган бўлсам, бугунга қараганда ўша пайтлар ҳолат анчагина бошқача эди. Чунки биз 1 август куни биттагина университетга йилда бир марта имтиҳон топширар эдик. Халқаро университетлардан ҳам кўп бўлмасди. Бўлса ҳам жуда қиммат эди. Шу боис кўпчиликда халқаро университетларга кириш имконияти йўқ эди.


Мен имтиҳонга атиги битта имкониятим бор деб кирганман. Ва шунда ҳам сочимни ўриб, кепка кийиб боргандим. Жуда қаттиқ текширишганди. Ҳайрон қолгандим, «нега мени бунчалик текширишяпти», деб. Кейин билсам кўпчилик имтиҳонларга «шпаргалка»лар олиб киришар экан. Уларни ҳам тушунса бўлади, чунки боя айтганимдек, йилда бор-йўғи биттагина имконият бўларди.


Мен ҳозирги абитуриентларга қандай маслаҳат бераман? Ўзингизга ишонч билан, яхшилаб тайёрланиб, қўрқмасдан имтиҳон киринг. Мен имтиҳон топшираётганимда иккинчи вариантим ҳам бор эди. Мабодо кира олмасам, Москвага кетиб, Москва давлат университетида ёки бошқа олийгоҳда ҳуқуқ соҳасида ўқимоқчи эдим. Балки менда иккинчи вариант бўлгани учун ҳам жуда ўзимга ишонч билан киргандирман. Агарда абитуриентларда ҳам шундай турли вариантлар бўлса ўзига ишонч анча ортади.


Юқорида айтганимдек, абитуриентларда доим иккинчи вариант бўлиши керак. Агар ўқишга кира олишмаса нима бўлишини фалсафий жиҳатдан тушунтириб бераман. Халқаро университетга топширганимда, турли дастурларга кирсам, чақиришса, таклиф қилишса-ю, лекин имтиҳонидан ўта олмай қолсам мени балки яхшироқ нарса кутаётгандир деб ўйлайман. Ва кейин чиндан ҳам яхши нарса кутиб турган бўлади.


Менинг икки нафар синглим бор. Иккинчи синглим Ўзбекистондаги Молия университетига ўқишга топширганида кира олмаганди. Ўша пайтда жуда хафа бўлди, кейин мен унга «нима қиласан хафа бўлиб, яхшиси Вестминстердаги курсларига топшириб кўрайлик, балки сенга ўша жой ёқар», деб айтдим. У ерда 1 йил ўқиди ва кейин ўзи Вестминстерда қолишини айтди. Ўша ерда қолиб, молиячи бўлмасдан, юрист бўлиб, ҳозир катта корхонада ишлаб юрибди. Нима бўлма-са ҳам фақат яхшиликка.


Шу боис ёшлар ўқишга кира олишма-са тушкунликка тушиши керак эмас. Иложи борича А, Б, С вариантларни қилиш керак. Агарда фақат битта вариант бўлиб, унга ҳам кира олма-са қолган вақтдан унумли фойдаланиш керак. Яхшилаб тайёрланиб, балки бошқа университетга топшириш зарурдир. Мен ўқишга 15−16 ёш вақтимда кирганман. Ҳатто юристлик нима эканини ҳам тушунмасдим. Шу боис ҳеч ҳам тушкунликка тушмасдан, бошқа вариантларни ҳам кўриш керак.


Талаба бўлган инсонларни табриклаган бўлардим. Бу катта масъулият, машаққат ва бу катта меҳнатнинг самараси. Эндиги навбат — яхшилаб ўқиш. Университетда ўқиш даври жуда ҳам зўр давр. Мен ўзимнинг шу давримни жуда яхши кўраман.


Бу пайтда мен ёшларга учта нарсага эътиборларини қаратишни маслаҳат бераман. Биринчиси, яхшилаб ўқиш керак. Бу ҳамма фандан аълочи бўлиш керак дегани эмас, ўзига ёққан фанларнинг билимдони бўлиб, ўзига ёққан соҳани катта эгаси бўлиши лозим.


Иккинчиси, талаба ўзига профессорлардан ёрдам сўраши зарур. Менторларни ҳам топиб олиш керак. Мен ўқиган вақтимда бир-икки профессорларим бўларди. Ҳозиргача улар билан алоқаламиз бор. Айнан ўқиш бўйича эмас, масалан, соҳа танлаш бўйича маслаҳатлашардим. Ёки қандайдир даражани эгаллашда ёрдам беришган. Биз судларга бирга борардик, тергов қилганда ҳам қаттиққўлроқ бўлиш керак, деб ўргатишган.


Учинчиси, албатта networking (фойдали алоқалар) қилиш керак. Талабалик шундай даврки, дўстона networking уюштирилади, шу алоқаларни келажакда — катта ҳаётда ишлатиш керак. Ҳозир ўзимнинг ўртоқларим, курсдошларим билан бирга ишлаймиз. Давлат идораларида ишласа ҳам биргаликда лойиҳалар қиламиз, бир-биримизга ёрдам берамиз. Шу боис бу нарса жуда муҳим.

реклама
реклама
Бобур Бекмуродов
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси,
Қонунчилик палатаси депутати
Биринчидан, имтиҳон кунидан бир кун олдин барча китоб ва тест тўпламларини бир четга йиғиштириб қўйган бўлардим. Имтиҳонларга ойлаб, тун-у кун дарсларга, репетиторларга бориб, тайёргарлик кўрилса, табиийки, мия чарчайди. Шунинг учун, фикрни бир жойга жамлаш, ақл равшанлигини сақлаш, онгни ортиқча ахборотлардан тозалаш муҳим. Иккинчидан, ҳаяжонга берилмасдим. Тўғри, ҳар ким ҳам бу каби синовларда ҳаяжонланади. Менимча, бу нормал ҳолат. Шу вақтгача олган билимларимизни, нималарга қодир эканлигимизни исботлаб беришимиз керак, холос. Учинчидан, афсусланмасдим. Етарли балл тўплай олмай, институтга қабул қилинмаслик бу — катта фожиа эмас. Асосийси, ҳаракат, интилиш, синовдан ўтиш ва кейин «ҳатто шунга ҳаракат қилиб кўрмагандим-а» деб афсусланмаслик. Мағлубият ҳам натижа. Ундан дарс оламиз, қийинчиликларни енгишни, қарор қабул қилишни, масъулиятни ҳис қилишни ўрганамиз.

Шуни эсда тутиш керакки, муваффақиятга эришиш йўли қанчалик қийин бўлса, мустақил ва кучли шахс бўлиш имконияти шунчалик юқори бўлади. Биз эшитган, билган кучли шахслар, етакчилар, машҳурларнинг таржимаи ҳолини ўргансак, уларнинг ҳаёти давомида турли қийинчиликларга дуч келганини, йиқилиб, яна оёққа турганини кўрамиз. Нима учун? Чунки улар ўз хатоларидан хулоса чиқара олган, бу эса уларни янада доно, янада ақлли, янада омадли инсонга айлантирган. Баъзан ўзингизга хато қилишга қўйиб беринг. Натижанинг ёмони йўқ, ҳар қандайи ижобий, яхшиликка бўлади, чунки хатоларни тушуниш, таҳлил қилиш жараёнида ниманидир ўрганамиз. Ўз қобиғингиздан чиқишни ҳам синаб кўринг, қийинчиликлардан қўрқманг. Уларнинг йўқлиги сиз жойингизда қотиб қолганингиздан дарак, аслида. Қийинчиликлар борлиги, профессионал ўсиш ва олдинга интилиш гаровидир. Яна энг асосийси, нима бўлишидан қатъи назар яхши кайфиятни сақлаб қолинг, тушкунлик домига тушманг.

Кўпроқ мулоқотда бўлишни, турли дунёқарашга эга инсонлар билан дўст тутинишни маслаҳат бераман. Университет бу учун зўр имконият. Нафақат курсдошларингиз, балки бошқа йўналиш талабалари билан танишинг, мулоқот доирангиз қанча кенг, хилма-хил бўлса, фикрлар, ғоялар ҳам турлича бўлади. Келажакда бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Савол беришдан, жавоб қайтаришдан тортинманг.

Келажак учун режаларингиз, мақсадларингиз аниқ бўлсин. Университет дарслари билан чекланиб қолманг, ҳозир турли тил курслари, ақлни чархловчи клублар, грантлар, стипендиялар, танловлар, ўқув саёҳатлари бор, уларга қатнашишдан эринманг. Ўз устингизда ишланг. Кичик ғалабага эришсангиз ҳам, завқлана олинг. Соҳангиз мутахассиси бўлолсангиз, марра сизники. Ўқинг, ўрганинг, эришинг!
Маърифат Жамал
SAT ментори
(АҚШ университетлари грантларини рад этиб, Массачусетс технология институтига киришни кутаётган қиз)
Энг аввало қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Сиз имтиҳонга маълум муддат тайёрландингиз, яъни, сиз сабабини келтирдингиз. Натижасини эса Аллоҳга топширишни маслаҳат бераман.

Агарда сиз, бордию ўқишга қабул қилинмасангиз, бошида бунинг учун бироз ҳиссиётга берилишингиз табиий. Кейин ўзингизни тутиб олишингиз керак. Чунки барча нарсалар Аллоҳнинг режаси асосида кетяпти. Сизга кулгули бўлса ҳам бир воқеани айтаман. Айнан шу ҳолат мен билан MIT (Massachusetts Institute of Technology — Массачусетс технология институти)га кира олмаганимда бўлган. Айнан шу йили менда ҳам кучли эмоционал ностабиллик бўлган. Буни кейин тушундим. Барча нарсаларни муайян вақти бўлар экан. Агарда мен ўқишга кетганимда ҳозирги кундаги SAT тьютор Маърифат Жамал бўлолмас эдим.

Ҳеч қачон ўз соҳангизни мукаммал ўрганишда ўқув дарсларингизга тўлиқ ишониб қолманг. Чунки ушбу ўқув дастурида сиз билан яна юзлаб одам ўқийди. Агарда соҳангизнинг ҳақиқий мутахассиси бўлмоқчи бўлсангиз доимо ўзингиз мустақил ўқинг ва изланинг.
Нурбек Алимов
Блогер
Қўрқмасликни, ҳамма нарса ўзим билан бошимни ичидалигини хис қилиб туришни маслаҳат берган бўлар эдим. Имтиҳонга киришдан олдин бу ҳам мактабдаги оддий бир оралиқ назорат имтиҳони каби эканлигини ўзимга сингдирардим. Бу мени ҳаёт йўлимни ҳал қилувчи ўта бир муҳим иш сифатида қарамаган бўлардим.

Бугунги кундаги ёшлар учун ўқишга кириш жуда осон иш деб ўйлайман, аммо шунда ҳам кира олмаса тушкунликка тушишни кераги йўқ. Бугун турли ҳил олий таълимсиз ҳам ривожланса бўладиган касблар кўп. Вақтни беҳуда сарфламай, ётволиб мунгли қўшиқлар эшитиб, бевафо дунё деб ётгандан фойда йўқ. Ўзи умуман, ҳаммада ўқишга кира олмасамчи деганда «Б» режаси бўлиши керак.

Талабаларга тавсиям ўйин-кулгуга жа қаттиқ берилманг. Ҳамма нарсани ўз даври бўлади. Кўпчилик айнан талабаликни ўйин-кулги даври деб ўйлайди. Бу мени қарашларимда янглиш нарса (Бошдан ўтган табиб деганларидай). Талабаликда ўқиш керак, олдинга энди янада улкан мақсадлар қўйиш керак. Ўйин-кулгини эса ишлаб пул топганингда Парижда ё Нью-Йоркда қилиш қизиқарлироқ.
Материални «Газета.uz» жамоаси тайёрлади
Иллюстратор: Элдос Фозилбеков

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган

фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз?

Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг