Охирги вақтларда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида маҳаллий такси ҳайдовчиларининг Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўпол муносабати ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жанар Акаев ҳукуматдан Ўш аэропортидаги вазиятни яхшилаш ва Ўзбекистондан транзит йўловчилар учун қулайроқ шароит яратишни сўради. Бу ҳақда депутат Facebook тармоғида ёзди. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий таксичиларнинг Ўзбекистон фуқароларига муносабати одамни тушкунликка туширади. Шунингдек, у чегарадаги «Дўстлик» назорат пунктидаги шароитлар яхши эмаслигини таъкидлади.

Мазкур муаммога бир неча марта гувоҳ бўлган ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилган ўшлик мустақил журналист Шоҳрух Соипов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашиб, вазият тўғрисида кўрган-кечирганларини гапириб берди.

«Бир неча ўнлаб такси ҳайовчилари воқеага аралашмаслигимни айтишди»

Шоҳрух Соиповнинг таъкидлашича, Қирғизистон орқали Россия ва бошқа хорижий давлатларга самолёт билан бориш Ўзбекистондаги нархларга нисбатан арзон. Шу сабаб кўплаб ўзбекистонликлар «Дўстлик» назорат пунктидан ўтиб, Ўш аэропортидан учишни маъқул кўради ва бу охирги йилларда кўп кузатилмоқда. Бироқ ўшлик такси ҳайдовчиларининг ўзбекистонликларга нисбатан қўпол муносабати, кўпроқ йўл ҳақи олиши эътирозларга сабаб бўлмоқда.


Шоҳурх Соипов. Фото: шахсий архивдан

«Авваллари Ўш аэропортига яқинларини кутиб олишга борган ўзбекистонлик фуқароларга „Дўстлик“ назорат пунктидан ўтиши биланоқ, такси ҳайдовчилари қўполлик қилиши, машинага мажбуран ўтказиб, қиммат ҳақ олиши ҳақида эшитгандим. Ҳатто айрим қариндошларим ҳам бундай вазиятга дуч келган», — дейди журналист.

У шундай ҳолатни ўз кўзи билан кўриш мақсадида 2022 йилнинг 28 февраль куни «Дўстлик» назорат пунктига боради. «Ўзбекистондан чиқаётган икки, уч нафар ўзбек йигитларига қирғизистонлик такси ҳайдовчилари қўпол муносабатда бўлиб, йўлкира ҳаққини ҳам савдолашмай, машинасида бирга кетишга мажбурлаётганини кўрдим. Кейин воқеани юмшатиш ниятида уларни ажратишга ҳаракат қилдим. Аммо бошқа бир неча ўнлаб такси ҳайовчилари мени ўраб олиб, аралашмаслигимни айтишди. Хавфсизлигимни ўйлаб, воқеа жойини тарк этишга мажбур бўлдим», — дейди у.

Унинг айтишича, журналист ўша куниёқ воқеа тўғрисида Facebook тармоғида ёзади. Эртаси куни уни Ўш вилояти Ички ишлар бошқармасига сўроққа чақиришади. Шундан сўнг воқеа муҳокамаларга сабаб бўлгач, назорат пунктида тартиб ўрнатилади. Аммо бироз вақт ўтиб, «Дўстлик»даги вазият яна такрорланиб, одатий ҳолга айланади.

Июлда ҳолат яна такрорланди

Шоҳрух Соипов 2022 йилнинг май ойида Россияга кетаётган ўзбекистонлик танишларини чегара постида кутиб олиш учун «Дўстлик»га боради ва яна ўша ҳолатга гувоҳ бўлади.

«Шу йилнинг 21 июль куни кечаси Россиядан қайтган танишим ва унинг уч нафар қариндошини Ўш аэропортида кутиб олдим. Тўрталасини чегара постига кузатиб қўйиш мақсадида таксида кетмоқчи бўлдик. Лекин ҳайдовчилар билан ўртамизда келишмовчилик юзага келди. Қарасам, вазият жиддийлашяпти. Кўчанинг нариги тарафида турган икки нафар ички ишлар ходимига ўзимни таништириб, ёрдам сўрадим. Улар келиб, бизни ажратди ва меҳмонларни у ердан олиб кетишимга имконият яратиб берди», — дейди журналист.

Журналистнинг қўшимча қилишича, у 22 июль куни ҳолат ҳақида Facebook тармоғидаги саҳифасида ёзади. Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси вазият ўрганилаётганини айтиб, Шоҳруҳ Соиповнинг чиқишига нисбатан муносабат билдиради. Аммо қандай иш олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилмайди.

«Август ойи бошларида ўзбекистонлик бир йигит ижтимоий тармоқлар орқали видео мурожаат билан чиқди. Яъни у ҳам 21 июль куни кундузги рейс билан Россиядан қайтаётган вақтида Ўш аэропорти олдида такси ҳайдовчиларининг қўпол муносабатига дуч келган. Унинг мурожаати тармоқларда тарқалгач, 4 август куни мени гувоҳ сифатида Ўш вилояти Ички ишлар бошқармасига сўроққа чақиришди. Маҳкамага бориб, ўзим кўрган воқеа тафсилотлари ҳақида гапириб бердим», — дейди у.

«Мени қўрқитиш ва огоҳлантиришлар бошланди»

Шоҳрух Соиповнинг айтишича, охирги пайтларда унга нисбатан турли таҳдидлар бўлмоқда.

«21 июль кунги воқеа ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзганимдан кейин таниш-билишлар, тармоқлар орқали мени қўрқитиш, огоҳлантиришлар бошланди. Танишларимдан телефон рақамимни, яшаш манзилимни сўраш ҳолатлари ҳам бўляпти. Сўнгги кунларда кўча-кўйда пиёда юрганимда, нотаниш одамлар келишмовчиликлар келтириб чиқаришга уринмоқда. Яъни мени қандайдир жанжалга аралаштириш режасида юришибди. Назаримда, бундай хатти-ҳаракатлар аламзада такси ҳайдовчилари ёки бошқа тарафлар томонидан уюштирилмоқда», — дейди журналист.

У 9 август куни хавфсизлигини таъминлаб беришларини сўраб, Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. «Кўрамиз, улар қанчалик иш олиб бораркин ва вазият қанчалик ижобий томонга ўзгараркин? Буни албатта, вақт кўрсатади», — дейди Шоҳрух Соипов.


«Ўш» халқаро аэропорти. Фото: Gulzhan Turdubaeva / RFE/RL.

«Ҳайдовчилар маданият билан муомала қилмайди»

Унинг таъкидлашича, бир неча йиллар олдин ҳам икки марта ўзбекистонлик йигитлар такси ҳайдовчилари устидан Қирғизистон расмийларига видео мурожаат қилган. Ўшанда қирғиз матбуоти бу ҳақда ёзган. Ўш вилояти ҳокими «Дўстлик» назорат пунктига бориб, ҳолатни ўрганган ва ўз муносабатини билдирган. Аммо муаммо тизимли ечим топмагани боис ҳалигача бундай ҳолатлар такрорланмоқда.

«Такси ҳайдовчиларининг мақсади — ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган йўловчилардан фойдаланиб, кўпроқ пул ишлаш. „Дўстлик“ назорат пункти билан Ўш аэропорти оралиғидаги масофа 6−7 километр чиқади. „Яндекс“ ва бошқа чақирув таксилар орқали аэропортга ёки чегарага 200 сомга етиб оласиз. Қирғизистонлик ҳайдовчилар Ўзбекистон фуқароларидан эса 700 сомдан олмоқда. Ҳайдовчилар маданият билан муомала қилмаяпти. Шунингдек, турли сабаблар билан Ўзбекистонга бориб қайтаётган қирғизистонлик фуқаролар орасида ҳам такси ҳайдовчиларига нисбатан эътирозлар пайдо бўляпти. Такси ҳайдовчилари фуқаролигидан қатъи назар, йўловчиларга ўзбошимчалик билан иш тутяпти», — дейди Шоҳрух Соипов.

Муаммонинг ечими борми?

Журналистнинг қайд этишича, айни пайтда ички ишлар ходимлари тартиб ўрнатган бўлса-да, маълум вақт ўтиб, такси ҳайдовчилари томонидан бундай ҳолатни такрорланиш эҳтимоли бор.

«Ички ишлар ходимлари айтмоқдаки, уларга жабрланувчилар томонидан аризалар келиб тушмаяпти экан. Бундай бўлиши табиий ҳол. Чунки ўзбекистонликлар Ўш орқали бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ўтмоқда. Агар ариза ёзса, оворагарчилик бўлишини, вақти кетишини яхши билади. Бундан ташқари, баъзилари қўрқади ҳам, муаммоли вазиятга аралашгиси келмайди», — дейди у.

Журналист Ўш вилояти ҳокимлиги ва бошқа мутасаддиларга «Дўстлик» назорат пункти ва аэропорт орасида қатнайдиган кичик автобуслар йўлга қўйилишини таклиф этаётганини маълум қилди. Бундай автобуслар самолёт рейс вақтига қараб қатнаса ва ҳуқуқ тартибот органлари назоратни кучайтирса, бундай муаммоларга барҳам берилади. Буни амалга ошириш эса Қирғизистон расмийларига боғлиқ, деб ҳисоблайди Шоҳрух Соипов.

«Шунингдек, тезкор гуруҳ тузиш керак. Агар чегара ёки аэропортда муаммо юзага келса, масалани ўз ўрнида ҳал этиш лозим. Фуқароларни сўроққа чақириб, вақтини олиш керак эмас. Майли, такси ҳайдовчилари ҳам ўз ўрнида ишини қилаверсин. Аммо маданиятли, йўл ҳаққини оширмаган ҳолда ишлашларини истардим. Йўловчилар ўз имкониятига қараб, хоҳлаган транспортига чиқади», — дейди ўшлик мустақил журналист.

Аввалроқ, Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жанар Акаев мамлакат парламенти аллақачон бу масалани кўтаргани, аммо масъул шахслар бу борада бошқа чоралар кўришмагани ҳақида Facebook тармоғида ёзган эди.

«Биз биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларини фуқаро, қўшни, халқ деб билишимиз керак, улар Ўшдан ўзларига хуш келгани учун учиб ўтишаётгани йўқ. Шунда чипта 150 долларга арзонроқ бўлади. Камбағал оилалар учун бу жуда катта миқдор. Бу одамлардан пул ўғрилашга йўл қўйиш мумкин эмас. Бу уларда Қирғизистонга нисбатан нафрат уйғотади. Агар иккала давлат ҳам ўтишни қийинлаштирса, президентларимиз гапирган халқлар дўстлиги қаерда қолди?» — деб ёзади депутат.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир йўловчи халқаро рейслар учун 15 доллар тўлайди. Ўш аэропорти орқали ҳар ой минглаб одамлар учиб ўтади ва улардан миллионлаб доллар даромад Қирғизистон ғазнасида қолади.

Жанар Акаев терминални кенгайтириш, йўловчилар ва юкларни ташиш ва рўйхатдан ўтказиш учун шароитларни яхшилашни таклиф қилди. Депутат ўз мурожаатини Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровга йўллади.

«Азаттык» радиосининг хабар беришича, айрим Ўзбекистон фуқаролари Ўшдаги такси ҳайдовчиларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Қирғизистон ҳукуматига шикоят қилган. 2 август куни Telegram тармоғида тарқалган мурожаатда таксичилар Россиядан Ўшга учиб келаётган Ўзбекистон фуқароларини мажбуран машинага ўтқазиб, чегарагача 5−6 км йўл учун 500 сом (65 минг ўзбек сўми) ва ҳар бир йўловчи учун ундан ҳам кўпроқ пул тўлашга мажбурлашаётгани айтилади.

Милиция маълумотларига кўра, уларга аввалроқ ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳақда 14 та мурожаат келиб тушган. Ҳозирда улардан 7 нафари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, бирорта ҳам иш якунига етмаган, чунки ариза топширганлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўрсатма беришдан бош тортмоқда. «Хорижий фуқаролар такси ҳайдовчиларининг ҳуқуқбузарликларини тасдиқловчи фактларни тақдим этишмаган. Буни исботлашнинг иложи бўлмаганлиги сабабли оддий сўзлар сифатида қабул қилинади. Шунинг учун биз тушунтириш ишлари билан чекланишимиз мумкин, холос», − деди Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев.