10 август куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 30- ялпи мажлисида президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ялпи мажлисда дастлаб сенаторлар Ўзбекистон президенти томонидан киритилган Ўзбекистон Олий суди раисининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги тақдимнома муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов саломатлиги туфайли ўз хоҳиши билан эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган. Сенат мажлисда уни Олий суд раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг президент томонидан тақдим этилган Олий суд раислигига номзод муҳокама қилиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2017 йилдан бери Олий судга раислик қилган, 13 июлда лавозимга қайта тайинланган Козимжон Комилов истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов эгаллаши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ президент Козимжон Комилов номзодини Конституциявий суддаги вакант судья лавозимига таклиф қилгани маълум бўлди.