Ўзбекистонда ер ости чучук сувлари учун қудуқлар бурғилаш ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома беришга мораторий жорий этиш таклиф қилинмоқда. Давлат геология қўмитаси президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди ва у 16 августга қадар давом этади.

Янги тартиб 2022 йил 1 августдан бошлаб ер ости сувлари даражаси пасайган ҳудудларда жорий этилиши мумкин. Гап Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг қатор туманларидаги ҳудудлар ҳақида бормоқда.

Шу билан бирга, сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан сув тежовчи технологияларсиз ерларни суғориш тақиқланади (тасдиқланган давлат дастурлари доирасидаги бурғилаш ишлари бундан мустасно).

Лойиҳада ушбу ҳудудларда ичимликдан ташқари мақсадларда сув ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувларидан олинганда солиқ тўлови белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб ер ости сувларига қудуқ бурғилаш учун рухсатнома олиш тартибини бекор қилиш ва унинг ўрнига фақат юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга сертификат бериш тартиби жорий этиш таклиф этилмоқда. Улар бурғилаш ускуналарини GPS-трекер қурилмалари билан жиҳозлаши ва доимо уларни ишчи ҳолатда сақлаши талаб қилинади.

Ер ости сувларига қудуқларни «қўлбола» бурғилаш ускуналари билан қазиш қатъий тақиқланади. Агар ушбу ҳолатлар тегишли назорат органи томонидан аниқланганда бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш юзасидан судга мурожаат киритилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирда марказлашган ичимлик сув таъминотининг 67 фоизи ер ости сувлари ҳисобига амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва саноатни жадал ривожлантириш ер ости сувларига эхтиёжнинг кескин ортишига олиб келиб, бу ўз навбатида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Хусусан, бугунги кунда айрим ҳудудлардаги ер ости сувлари сатҳининг кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурсларининг камайиб кетиши кузатилмоқда.

Шунингдек, соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар кескин соддалаштирилганига қарамасдан, сўнгги йилларда Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан 1 200 дан ортиқ ер ости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни бўлиб ўтган йиғилишда ер усти ва ер ости сувлари даражасининг кескин пасайиши экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида ер ости сувлари сатҳи 7 метрга, Жиззах ва Ғаллаорол туманида эса 4 метргача пасайган.

Давлат геология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов Тошкент шаҳрида 5−10 фоиз арчалар қурий бошлаганини маълум қилди. Унинг тахминига кўра, бу шаҳардаги ер ости сувлари даражасининг пасайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унга кўра, 1600 та қудуқга бўлган эҳтиёж масаласи ҳам ўрганилади, уларнинг қурилиши ҳақида ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев айтиб ўтган.