ФНҚИЗ ходимаси Санобархон Ҳайдарова 2 август куни корхонага кириш жойида ўзининг устига бензин қуйиб, ёқиб юборганди. Завод матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича у 10 август куни шифохонада вафот этди.

Санобархон Ҳайдарова заводнинг 32-сонли цехи 1-таъмирлаш ва қурилиш участкасининг 2-тоифали маляри лавозимида ишлаган. Воқеа содир бўлган куни эрталаб у корхонага кириш жойида ўзининг устига ўт қўйиши натижасида 70 фоизлик куйиш тан жароҳатини олганди. Корхона шу куни ходимнинг ёнида рухсатномаси бўлмаганлиги учун ишга киритилмаганини маълум қилганди.

Саккиз кун давомида у шифокорларнинг доимий назорати остида бўлган, аммо улар аёлни қутқариб қола олмади. 10 август куни соат 7: 00 атрофида аёлнинг умумий аҳволи ёмонлашди, қон босими ва пульси йўқолди. Шифокорлар реанимация чораларини бошлашган, бироқ соат 7: 05 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди.

ФНҚИЗ раҳбарияти Санобархон Ҳайдарованинг қариндошларига ҳамдардлик билдириб, дафн маросимини ўтказиш учун барча харажатларни қоплашини маълум қилди. Завод, шунингдек, аёлнинг вояга етмаган болаларига таълим харажатларини қоплаш учун моддий ёрдам тўлашни ўз зиммасига олади ва агар зарур бўлса, иш билан таъминлашда амалий ёрдам беради.