Сешанба куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича очиқ судида Instagram ижтимоий тармоғида Asalhoney номи билан танилган блогер Асал Ходжаеванинг ўлдирилишида гумонланган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Суд мажлиси тафсилотларини UzReport маълум қилди.

Иш ҳужжатларида келтирилишича, судланувчи Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи, (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган) К. Ш. 2021 йил ёзида Асал Ходжаева билан интернет орқали танишиб, «300 доллар эвазига маълум хизматларни кўрсатишга келишиб олган».

Керакли миқдордаги пулни топа олмай, 2022 йил февраль ойида у яна «илтимоси билан» унга мурожаат қилади. Айбланувчининг сўзларига кўра, Asalhoney уни «онаси шаънига тегадиган ҳақоратли сўзлар билан камситган ва бу шафқатсиз қотиллик режасини тузишга асос бўлган».

18 март куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Махтумқули кўчасидаги уйлардан бирида Асал Ходжаеванинг жасади топилганди. Қизнинг жасадида зўравонлик белгилари топилган.

Ўша кеча уни ўлдирган йигит қотиллик билан чекланмай, хонадондан жами 31,1 млн сўм пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ўғрилаб кетган.

Айбловчи томон судланувчини 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этишни сўради. Адвокат унинг онаси соғлиғи, йигитда астма борлиги, шунингдек, қилмишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олиб, чорани юмшатишни сўради.

Суд қарори билан К. Ш. Жиноят кодексининг бир қанча моддалари: 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 164 (талончилик)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукм устидан у эълон қилинган кундан бошлаб 20 кун ичида Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ва протести бериш мумкин.