Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Курбанов Тошкентга расмий ташриф билан келган Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда нафақат сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда, балки мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳам ўзбек-тожик муносабатларининг ҳолати, уларни кенгайтириш чоралари ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама этилди.


Муҳокамалардан сўнг Тожикистон ҳарбий хизматчиларини Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олишини ташкиллаштириш борасида қўшимча шартнома имзоланди.

Шундан сўнг, меҳмонлар Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Курбанов ҳамроҳлигида Ўзбекистон мудофаасини бошқариш миллий маркази фаолияти билан яқиндан танишишди.

Эслатиб ўтамиз, 4 август куни Термизда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг «Ҳамдўстлик-2022» қўшма ҳарбий машғулотлари бошланганди.