«Ҳудудгазтаъминот» истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорига изоҳ берди. Бир кун аввал «Газета.uz» ушбу ҳужжат ҳақида ёзган эди.

Қайд этилишича, «Ҳудудгазтаъминот» 2022 йилнинг октябрь ойига қадар ер участкаларида жойлашган ҳамда марказий иссиқлик таъминотига уланмаган кўп қаватли уйларда «ақлли» газ ҳисоблаш ускунларини ўрнатиш якунланиши керак.

Шунингдек, Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказий иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 минг кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш режалаштирилган.

«Мазкур қарор хонадонларга ҳисобдонларнинг ўрнатилиши ноқулайлиги ва табиий газдан кам истеъмол қилинишини қайд этган фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди», — дея қайд этади «Ҳудудгазтаъминот».

Компания маълумотларига кўра, ҳозирги кунда мамлакат бўйлаб 396 мингдан ортиқ хонадонда биттадан газ плитаси ўрнатилган бўлиб, уларнинг газ истеъмол ҳажми ойига 5 кубометрдан 27 кубометргача ташкил этади.

«Шунга асосланиб, кўп қаватли уйларнинг умумий истеъмол ҳажмини мониторинг қилиш учун газ ҳисоблагичлар уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ёки истеъмолчи илтимосига биноан хонадон ичига ўрнатиб берилади. Янги ҳисоблагични ўрнатишни истамаган тақдирда эса, истеъмолчи эски турдаги ҳисоблагични текширувдан ўтказиб фойдаланиши ёки хонадонда яшовчи фуқаролар сонига қараб табиий газ учун тўловни амалга ошириши мумкин», — дея таъкидлади «Ҳудудгазтаъминот».

Қарорда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни «газ тақсимлаш станцияси — туман (шаҳар) чегараси — йирик участкаларнинг кириш қисми — истеъмолчи» технологик занжири асосида туман (шаҳар)лар чегарасидаги қувурларга 1,8 мингта электрон ҳисоблагичларни ўрнатилиши ва «онлайн» мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Қарорда белгиланган вазифаларга мувофиқ, кейинги уч йил давомида 706,5 мингта хонадонда икки босқичли газ таъминоти тизимини жорий этилиши ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмларининг балансини автоматик равишда шакллантирувчи дастурий таъминот жорий этилиши режалаштирилган.

381,3 км янги газ қувурлари қурилади ва 452,4 км газ қувурлари мукаммал таъмирланади ва реконструкция қилинади. Шу билан бирга, 5,4 мингта газ тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш, шундан 2,8 мингта юқори босимли объектларда телеметрия тизимини жорий этиш ҳамда газ тақсимлаш тармоқларининг бўлиниш чегарасига юқори аниқликдаги ультратовушли газ ҳисоблагичларини ўрнатиш кўзда тутилган.

«Газ таъминоти тизимида кенг кўламли янгиланиш жараёнлари 30 йилдан ортиқ фойдаланишда бўлган ҳамда эскирган газ тармоқлари ва тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш имконини беради, — дея қайд этди „Ҳудудгазтаъминот“. — Бу, ўз навбатида, табиий газни барқарор ва бир меъёрда етказиб бериш, табиий газ ҳисоб-китобини юритишда ноаниқликларни бартараф этиш ҳамда ускуналарнинг технологик жараёнларини реал вақт режимида, онлайн назорат қилишга таъсир қилади».

Ҳукумат қарорида техник сабабларга кўра назорат қилиш имконияти чекланган газ тармоқлари хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган, дея қўшимча қилди компания. Шу мақсадда, ер ости ва ер усти газ қувурларининг техник жараёнларини таҳлил қилиш ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш учун 2 дона учувчисиз учиш аппарати (дрон), георадар ва масофавий газ детекторлар, 5 дона мобиль лаборатория харид қилинади.

«Соҳани технологик модернизация қилиш билан бирга, носозликларни оператив равишда бартараф этиш учун масъул бўлган чилангарлар фаолиятини янги босқичга кўтариш режалаштирилган. Яқин келажакда уларни замонавий электроскутерлар билан таъминлаш режалаштирилган ва бу уларнинг иш самарадорлигини уч-тўрт баравар оширади», — қайд этди «Ҳудудгазтаъминот».

Мамлакатдаги газ тармоқларининг реконструкцияси ва модернизациясига қаратилган инвестиция лойиҳаси бутун газ таъминоти соҳасини янгилаш жараёнини якунлайди ва истеъмолчиларга табиий газни ўз вақтида, юқори сифатда ва узлуксиз етказиб беришни таъминлайди, дея хулоса қилади компания.