Ижтимоий тармоқларда 30 июль куни Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов ўзи бошқарган (70 040 DAV) хизмат машинасида пиёдани уриб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолатга Қашқадарё вилояти ИИБ муносабат билдириб, воқеа 30 июль куни соат тахминан 23:50 ларда халқаро аҳамиятдаги А-380 автомобиль йўлининг 12 километрида содир бўлган.

Эркин Бобоқулов. Фото: Нишон туман ҳокимлиги.

«Қарши тумани „Тахтапул“ МФЙ ҳудудида ҳайдовчи Б.Э. (Бобоқулов Эркин) бошқарувида бўлган „Lacetti“ русумли автомашина билан йўлни пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойидан кесиб ўтаётган фуқаро Й.А.ни уриб юборган», — дейилади хабарда.

Тармоқларда тарқалган Қарши туман ИИБ бошлиғи Н.Овлаевнинг Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи Ш. Сатволдиевга берган маълумотномасида ЙТҲ иштирокчилари бир-бирига нотаниш бўлганлиги ва пиёда шифохонага шахси номаълум мурда сифатида олиб борилгани қайд этилган.

Мурда биометрик идентификацион базадан текширилганда «Араловул» МФЙда яшовчи 1973 йилда туғилган Акром Йўлдошев эканлиги аниқланган.

Вилоят ИИБ хабарида эса, пиёда Й.А. тан жароҳати олиб шифохонада вафот этганлиги айтилган

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу модда доирасида гумондор муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.