Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши Ўзбекистонда ишсизлик даражасини камайтиришга ҳисса қўшганини юқори баҳолади. Ўрганиш натижалари институт матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ўтган йилнинг кузида Гарвард бизнес мактаби раҳбарлигида интернетнинг иқтисодий таъсири бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинган эди. Унга кўра, 2020 йилда АҚШда 17 млндан ортиқ иш ўрни тижорат интернет корхоналари орқали яратилган, бу 2016 йилга нисбатан 7 млн тага кўп. Шу билан бирга, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар интернетдаги энг йирик интернет компанияларига қараганда кўпроқ иш ўринларини яратиши маълум бўлди — 38% ва 34%.

McKinsey халқаро консалтинг компанияси маълумотларига кўра, рақамлаштиришни ривожлантириш таъсири остида ишларнинг бир қисми ўз аҳамиятини йўқотиб, улар ўрни босқичма-босқич янги касблар билан алмашмоқда. Шу билан бирга, интернет майдони кўпроқ янги касблар ва иш ўринларини яратмоқда. Масалан, Францияда сўнгги 15 йил ичида интернет ва электрон тижоратнинг ривожланиши натижасида 500 минг иш ўрнига талаб йўқолган, 1,2 млн янги иш ўрни яратилган. Шундай қилиб, ўсиш коэффициенти 2,4 ни ташкил этган, яъни талаб йўқолган битта иш жойи ўрнига 2,4 та янгиси яратилган.

АКТнинг ривожланиши ишсизлик даражасига яна бир восита орқали таъсир кўрсатади. Иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида бандлик билан боғлиқ муаммоларни масофавий иш ёки фриланс орқали ҳал қилиш мумкин. Бу даромадни ошириш ва шахсий мартаба, бандлик муаммосини давлат миқёсида ҳал қилиш имконини беради, дея қайд этади ПМТИ.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида айтилишича, дунёдаги онлайн иш ўринларининг энг катта қисми дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва технологик ишлар тоифасига тўғри келади. Уларнинг барча онлайн фриланс ишларидаги улуши 2018 йилдаги 39 фоиздан 2020 йилда 45 фоизгача ошган.

Ўзбекистонда 2015 йилда АКТ соҳасида банд бўлганлар сони 33,4 минг кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 53,8 минг кишига етди. 2021 йилда АКТ соҳасида номинал иш ҳақи 5,6 млн сўм (республика бўйича ўртача иш ҳақи 3,2 млн сўм) бўлди. ДСҚ маълумотларига кўра, 2020 йилда рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 547,6 минг кишини, 2021 йилда эса 1,2 млн кишини ташкил этди.

Ўзбекистонда интернет ва мобил алоқанинг ривожланишининг ишсизлик даражасига таъсирини таҳлил қилиш учун Давлат статистика қўмитасининг 2015−2020 йиллардаги (84 та кузатув) ҳудудлар бўйича статистик маълумотларига асосланган эконометрик моделлардан фойдаланилди.

Таҳлилларга кўра, янги асосий уяли алоқа станцияларининг қурилиши ишсизликни камайтиришга катта таъсир кўрсатади — 100 та янги асосий уяли алоқа станциясининг қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 фоиз пунктга камайтириши мумкин. Оптик толали интернет узунлигининг 100 км га ошиши ишсизликни 0,04 фоиз пунктига қисқартирса, интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига ўсиши ишсизликни 0,02 фоиз пунктига камайтиради.

Шу билан бирга, ПМТИ экспертларининг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда АКТ ривожланишининг ишсизликни камайтиришга таъсири пастлигича қолмоқда. Бу иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва аҳоли ҳаётида рақамлаштириш жараёни эндигина бошлангани билан изоҳланади, дейилади ҳисоботда.