Шарифа Давронова енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги ЖЧда ғалаба қозонди

Колумбиянинг Кали шаҳрида енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги (U20) жаҳон чемпионатида 15 ёшли Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида (14,02 м) ғалаба қозонди. Ундан кейинги ўринларни Франция (13,38 м) ва Австралия (13,30 м) вакиллари эгаллади.

2026 йилги шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилади

2026 йилги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилади. «Миссия бажарилди, жаноб президент», — деб ёзди Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев.

Мораторий даврида Фарғонада 87 тупдан ортиқ дарахт кесиб ташланди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида Электр тармоқлари корхонаси ходимлари 48 туп арча, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахт ноқонуний кесиб ташлагани аниқланди. Экоқўмита бу орқали ўсимлик дунёсига 856,5 млн сўм зарар етказилганини маълум қилди. Ҳужжатлар тўпланиб, прокуратурага юборилди.

ПМТИ интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизликни қандай камайтиришини ўрганди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлили шуни кўрсатдики, кенг полосали интернетни ривожлантириш ва асосий уяли алоқа станциялари қурилиши ишсизликни камайтиришга ёрдам беради.

ОТМга кириш тестларининг биринчи куниданоқ телефондан фойдаланган абитуриент аниқланди

Фарғона вилоятида ОТМга кириш имтиҳонларининг биринчи куниданоқ телефондан фойдалангани учун абитуриент тестдан четлатилди. Ижтимоий тармоқларда эса рақами кўринмаган тест топшириқлари китобининг расмлари тарқалди. ДТМ ҳолат назорат остида эканига ишонтирмоқда.

Бу ҳафта кучли иссиқ кутилмайди — Ўзгидромет

Ҳафта давомида +34 даражадан юқори бўлмаган қуруқ ва нисбатан қулай об-ҳаво шароити сақланиб туради, фақат дам олиш кунлари ҳарорат +38 даражагача кўтарилади. Тоғли ҳудудларда эса момақалдироқли ёмғирлар ёғади.

Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари хизмат машинасида пиёдани уриб юборди

Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов тунги вақтда ўзининг бошқарувида бўлган хизмат машинасида пиёдани уриб юборди. Бунинг оқибатида жабрланувчи вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, гумондорнинг айби судда ўз тасдиғини топса, 7 йилгача қамалиши мумкин.

Ўзбекистон велоспорт жамоаси Ислом бирдамлиги ўйинларида илк олтин медални қўлга киритди

Конья шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон велоспортчилари бешта совринни қўлга киритди. Ольга Забелинская олтин, Янина Кускова иккита кумуш, Алексей Фомовский ва София Каримова бронза медалига сазовор бўлди.

Paynet тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёни бошланди

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Uzpaynet» МЧЖ устав капиталидаги давлатнинг 100 фоизлик акцияси сотилаётганини эълон қилди. Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми танланди.

Тошкентдаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди

Тошкентнинг Миробод туманида 7 август куни икки автомобиль тўқнашиб кетди. Икки киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.

Ўзбекистон МДҲда енгил автомобиль ишлаб чиқариш бўйича етакчига айланди

Украинадаги можаролар ортидан санкциялар остида қолган Россияда енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми йил бошидан бери кескин тушиб кетди. Бунинг натижасида Ўзбекистон машина ишлаб чиқаришда МДҲ мамлакатлари орасида етакчига айланди, дея қайд этди «ПромРейтинг» тадқиқотчилари.

Бухоро вилоятидаги яна бешта мактаб ичимлик суви билан таъминланди

«Zamin» фонди томонидан Бухоро вилоятидаги яна бешта умумтаълим мактаби ичимлик суви билан таъминланди. Бухоро вилоятининг Пешку ва Жондор туманларида мактаблар жойлашган ҳудуддаги аҳоли ҳам сувдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

МБ истеъмолчилар ҳуқуқларини бузгани учун 13 та банкнинг 100 дан ортиқ ходимини жазолади

Марказий банк истеъмолчи ҳуқуқларини бузгани учун 13 та банкка кўрсатма берди ва 101 нафар банк ходимига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллади.

Газ ҳисоблагичларни ўрнатишни октябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилмоқда

Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда табиий газ истеъмоли юқори бўлмаган 11,5 мингта кўп қаватли уйларда электрон газ ҳисоблагичлар ушбу уйларнинг кириш қисмидаги умумий газ қувурларига ўрнатилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Чилонзор кўчасини торайтиришга қарор қилинди. «Газета.uz» лойиҳани аҳоли билан муҳокама қилишни таклиф этади

Тошкент ҳокимлиги Чилонзор кўчаси лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, йўлаклар сонини 6 тадан 4 тага қисқартириш, ортиб қолган жойни яшил ҳудудга айлантиришга қарор қилди. «Газета.uz» шошмаслик, мутахассисларни жалб қилиш ва аҳолини тинглашни таклиф қилади.

«Халқаро олимпиада — болани қийновчи эмас, ўзини кўрсатишга имконият берадиган майдон» — Азиза Абдувалиева

2021 йилда Халқаро биология олимпиадасида олтин, 2022 йилда бронза медалларини қўлга киритган Азиза Абдувалиева «Газета.uz» билан суҳбатда «халқаро олимпиада — болага ўзини кўрсатиш учун майдон» эканини айтди. Шунингдек, биологияни ўрганишдаги муаммолар, олимпиададаги иштироки ҳақида сўзлаб берди.