2021 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган эди. Ассоциацияси раиси Ойбек Норинбаев «Газета.uz»га ушбу ассоциацияни ташкил этишдан кўзланган мақсад, ташкилот олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумот берди.

Хусусан, ассоциация раҳбарининг сўзларига кўра, миллий ва анъанавий спорт турларини, халқ ўйинларини тиклаш, ривожлантириш, уларнинг ягона тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш, шунингдек аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш Этноспорт ассоциациясининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

«Ота-боболаримиз, момоларимиз ўйнаб келган қадимий миллий ўйинларимиз сон жиҳатидан ҳам салмоқлидир. Улар оддий ўйин эмас, аксинча асрлар мобайнида сайқалланиб, халқчил ўйин сифатида бизгача етиб келган. Акс ҳолда аждодларимиз уларни шу давргача мерос сифатида олиб келмаган бўлар эди», — дейди у.

Аждодлар ҳаётида ўз ўрнини эгаллаган халқ ўйинларини бугунги инновацион техника асри жамият ҳаётидан сиқиб чиқармоқда. Шу боис унутилишга маҳкум бўлган миллий спорт турларини халқнинг ичидан топиб, уларни келажак авлодларга етказиш учун ташланадиган ҳар бир ҳаракатга инсоний ва миллий бурч сифатида қарашимиз давр талаби бўлиб қолмоқда.

«Халқ орасида юзлаб ўйинларимиз мавжуд бўлганки, уларнинг ҳар бири ўзига хос жисмоний ва маънавий аҳамиятга эга. Аждодларимиз ҳаёти давомида машғул бўлиб келган ҳар бир миллий спорт турларида орият ва ҳалоллик каби инсоний хислатлар мужассамдир. Халқ ўйинларимиз қонун-қоидалари ва шаклу шамойили билан ҳам шу қадар мукаммал шаклланганки, деярли барча миллий спорт турларимизни ҳакамларсиз ўйнаш ва ундан завқланиш мумкин бўлган», — дея таъкидлади Ойбек Норинбоев.

Миллий спорт турларидан кураш, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, Турон яккакураши, қарабтеп ва улоқ-кўпкари кабилари халқаро спорт турлари қаторидан жой олиб бўлди. Бугунги кунда ушбу спорт турлари бўйича бутун дунё беллашмоқда.

«Биз шу жойда тўхтаб қолмасдан миллий халқ ўйинларимизни дунёга олиб чиқишда давом этамиз. Бу борада қадимий қадриятларимиз — халқ ўйинлари ва миллий спорт турларимизга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этишимиз керак», — деди ассоциация раиси.

Шу мақсадда жорий йил 25 май куни президентнинг «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Қарорда этноспорт турларини 2025 йилгача ривожлантириш дастури батафсил кўрсатиб берилган. Шунингдек, тегишлилиги бўйича вазирлик, идора ва ҳудудий ҳокимликларга бу йўналишда кўрсатмалар алоҳида белгилаб қўйилган.

2023 йилдан бошлаб этноспорт турлари бўйича Uzbekistan Ethno Games республика фестивалини ҳар йил Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланган бўлса, ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш ҳам қарорда кўрсатилиб ўтилган.

Шунингдек, барча таълим муассасаларида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг моҳияти ва уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий-ахлоқий жиҳатдан ўрни ҳақида тушунчалар бериб борилиши ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу тушунчалар жисмоний тарбия дарслари ҳамда маънавият соатларида ўтилиши айтилди.

Ўзбекистон этноспорт ассоциациясига аҳолининг барча қатламларини этноспорт билан шуғулланишга жалб қилиш, маҳаллаларда этноспорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларни ўтказиш ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари топширилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Яқинда конфедерация президенти Билол Эрдўғон шахсан ўзи келиб, Ўзбекистонда этноспорт турлари бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, у Ўзбекистон халқ ўйинлари ва миллий спорт турларининг тарихи, қонун-қоидаларини ўзида акс эттирган «Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси»нинг қисқа муддатда чоп этилишига юқори баҳо берди.

Этноспорт турлари 9 тани ташкил этаётган бўлса, шу кунгача халқ орасидан топилган миллий спорт турлари сони 198 тани ташкил этмоқда.

«Ўзбекистонда этноспортни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида қўйилган мақсадлардан келиб чиқиб, шуни айтаманки, олдинда ҳали амалга оширилиши керак бўлган вазифаларимиз кўп», — дея фикрига якун ясади Ойбек Норинбаев.