Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг саккизинчи турида Германия терма жамоасини мағлуб этди. 6 август куни бўлиб ўтган учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланганди.

Германия терма жамоасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) ғалаба қозониш имконияти юқори бўлишига қарамасдан, 17 ёшли Винцент Каймерга (2686) қарши қора доналарда дуранг ўйнади.

16 ёшли Жавоҳир Синдаров (2629) ва 25 ёшли Расмус Сване (2649) ўйини ҳамда 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 46 ёшли Ливиу-Дитер Нисипеану (2642) баҳсида ҳам ғолиб аниқланмади.

Учрашувдаги ғалабани 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) олиб келди, у матдан бир неча қадам олдин 25 ёшли Маттиас Блюбаумни (2673) таслим бўлишга мажбур қила олди.

Саккизинчи тур якунларига кўра, 14 очко жамғарган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи ўринга тушиб кетди. Ҳиндистон-2 жамоаси АҚШ устидан қозонилган ғалаба (3:1) эвазига ўзбекистонликлардан ўзиб кета олди.

Кейинги турда Ўзбекистон шахматчилари 15 очко (7 ғалаба, 1 дуранг) билан турнир жадвалида ҳам пешқадамлик қилаётган Арманистон билан тўқнаш келишади. Эътиборлиси, Олимпиада якунланишига уч тур қолганда фақат шу икки жамоа мағлубиятсиз қолмоқда.

Арманистон терма жамоасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон терма жамоасидан (2606) бироз юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) Шимолий Македонияни (1863) 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

21 ёшли Нилуфар Ёқуббоева (2299) Моника Стойковскага (2091) имкониятни бой берди.

16 ёшли Умида Омонова (2195) Манова Иванни (1849) мағлуб этиб, ҳисобни тенглаштирди.

16 ёшли Мафтуна Бобомуродова (1914) ва Драган Николовска (1876)баҳсида ғолиб аниқланмади.

13 ёшли Афруз Ҳамдамова (1969) ҳал қилувчи баҳсда Леа Эфтовскани (1634) ортда қолдириб, Ўзбекистонга ғалаба келтирди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 10 очко жамғарган ҳолда 40-ўринга кўтарилиб олди. Кейинги турда шахматчилар 29-ўринда бораётган Исроил билан тўқнаш келишади.