Ҳукуматнинг 5 августдаги қарорига кўра, 2023 йил 1 январдан адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензияланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Белгиланган низомга кўра, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш қуйидаги ихтисосликлар бўйича амалга оширилади:

  • фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;
  • маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш.

Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлайди ва у бўйича малака имтиҳони топширади. Талабгор лицензия олиш учун қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

  • Ўзбекистон фуқароси бўлиш;
  • олий юридик маълумотга эга бўлиш;
  • юридик мутахассислик бўйича камида 2 йил иш стажига эга бўлиш;
  • адвокатлик тузилмасида камида 3 ой стажировка ўтаган бўлиш;
  • малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиш.

Лицензияни «Лицензия» АТ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон порталга ҳар куни, дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, 24 соат давомида ариза юбориб олиш мумкин.

Имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун 3 ой ичида тегишли лицензияловчи орган (Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари)га мурожаат қилиши керак. Олинган лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади.

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи (150 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим тўлангач, ариза автоматик тарзда талабгорнинг доимий яшаш жойидаги лицензияловчи органга юборилади ва 10 иш кунида кўриб чиқилади.

Уни бериш тўғрисида қарор қабул қилинса, талабгорга хабарнома юборилади. Хабарнома юборилган кундан бошлаб 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга давлат божи (БҲМнинг 1 баравари — 300 минг сўм) тўлайди. Давлат божи тўлангач, талабгорга электрон шаклда QR-код қўйилган лицензия юборилади.