2 август куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси, 48 ёшли Х.С. завод биноси олдида ўзига бензин қуйиб ёқиб юборди. Буни вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура ҳам тасдиқлади.

«Дарё»нинг ёзишича, ишдан бўшатилгани аёлни ўз жонига қасд қилишга ундаган бўлиши мумкин. Аёл Тошлоқ туманида яшайди, турмуш ўртоғи ишсиз, тўрт фарзанди бор. Воқеа содир бўлган куни унинг рухсатномаси олиб қўйилган. Ҳодиса содир бўлган бинога кираверишда ўт ўчириш мосламаси бўлмаган, ҳеч ким зудлик билан ёрдамга келмаган.

Вилоят ҳокимлиги хабарида айтилишича, аёлга биринчи тиббий ёрдам комбинат пунктида кўрсатилган, сўнгра Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Комбустиология бўлимига олиб келиб ётқизилган.

Воқеа юзасидан тергов ишлари вилоят ҳокимлиги назоратига олинди. Ҳокимнинг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев ва вилоят прокурори ўринбосари Беҳзод Исмоилов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Унга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлими бошлиғи Эркин Нуралиев ҳам қўшилди, дея хабар берди ҳокимлик.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги.

3 август куни вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими мудири Комила Кавланова жабрланувчи даволанаётган муассасага борган. Бош прокуратура аёлнинг танасида кучли куйишлар борлигини хабар берди. Терговга қадар текширув Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилмоқда.

ФНҚИЗ матбуот хизмати корхона ходими Санобархон Ҳайдарованинг ўзини ёқиб юборган воқеа юзасидан муносабат билдирди. «Газета.uz» уни катта бўлмаган қисқартиришлар билан келтиради.

«Завод раҳбарияти, 2 август куни нефтни қайта ишлаш заводининг назорат пунктида нохуш ҳаракат қилишга қарор қилган ходимнинг ҳамкасблари вазиятни кузатиб бормоқда ҳамда унга ва унинг болаларига барча керакли ёрдамни кўрсатмоқда. Завод Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳокимлиги билан ҳамкорлик қилмоқда.

Вазият жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлди ва бизнинг ҳамкасбимиз билан содир бўлган фожиали воқеани объектив ёритишдан манфаатдор. Шу муносабат билан, сешанба куни эрталаб нефтни қайта ишлаш заводида воқеалар қандай ривожланганлиги, шунингдек, аввалги даврларда ҳамкасбимиз билан ўзаро муносабатларимиз тўғрисида хабар бериш зарур деб ҳисоблаймиз.

2 август куни соат 7:37 да 32-сонли цехда 2-даражали маляр лавозимида ишловчи Санобархон Ҳайдарова заводнинг 1-сектор кириш йўлагида корхонага киритилмаган, бунга унда тегишли рухсатнома йўқлиги сабаб бўлган. Хавфсизлик ходимлари ўз вазифаларини бажариб, ҳамкасбига кириш ҳуқуқини рад этишди.

Санобархон Ҳайдарова тажовузкор шаклда хавфсизлик ходимларига нисбатан ўзининг норозилигини билдирди. Кираверишдаги қисқа мулоқотдан сўнг у бинони тарк этди. Заводда ушбу ҳаракатларни тасдиқловчи барча видео материаллар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ушбу видеоматериаллар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилиши мумкин.

Фото: ФНҚИЗ.

Орадан бир соат ўтгач, 8:31 да Санобархон Хайдарова қайтиб келди ва 1-секторнинг назорат пунктига яқинлашмасдан пластик идишдан ўзига бензин қуйди. Ўтиш биносига кириб, у ўзини ёқиб юборишга ҳаракат қилди. Ушбу ҳаракатларни кўрган ФНҚИЗ хавфсизлик ходимлари дарҳол ўзини ёқишнинг олдини олишга ҳаракат қилишди. Бироқ, Санобар оловни ёқишга муваффақ бўлди, унинг кийимлари ёниб кетди. Хавфсизлик ходимлари зудлик билан ўт ўчириш мосламаси ва мато ёрдамида оловни ўчиришди. Бироқ, у ёрдамга қаршилик кўрсатиб, сезиларли даражада куйишга улгурди.

Шунингдек, соат 8:31 да назорат пунктида навбатчилик қилган ФНҚИЗ тиббий бўлинмаси ҳамшираси Барно Обидова корхонанинг тиббий ёрдам гуруҳига қўнғироқ қилди, соат 8:37 да ФНҚИЗ тез тиббий ёрдам машинасида Фарғона касалхонасининг куйиш бўлимига юборилди. Машина қабул бўлимига 8:45 да етиб борди. Ҳозирда бизнинг ҳамкасбимиз касалхонада шифокорлар ва унинг ФНҚИЗдаги ҳамкасблари назорати остида қолмоқда.

Албатта, бундай ҳаракатлар муайян сабабларсиз амалга оширилмайди. Бундай вазиятда биз фақат умумий фактларни бериш зарур деб ҳисоблаймиз, чунки завод ходимларнинг ҳаёти ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Санобархон Хайдарова (1975 й.т.) оилали, 4 нафар фарзанди бор, Қува туманида яшайди. Гувоҳлар билан мулоқот натижасида, у ўз жонига қасд қилишга мойиллиги борлиги ва ишга қабул қилишдан олдин у юқорида айтиб ўтилганларга яқин вазиятларда бир неча бор кузатилган, бироқ унда таҳдидлар оғзаки характерга эга бўлган, унда ҳам аввалги иш берувчиларга нисбатан муносабат билдиргани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ваколатли органларига батафсил маълумот юборилди.

Санобархон Хайдарова «Нефтчи» спорт мажмуасида ишлагандан сўнг, ФНҚИЗнинг 32-сонли цехи 1-таъмирлаш ва қурилиш участкасининг 2-тоифали маляри лавозимига ўтказилганди.

2022 йил апрел ойида 32 цехининг бир қатор ходимларидан ушбу бўлинма корхонани модернизация қилиш жараёнида фаол иштирок этганлиги сабабли корхонанинг Таъмирлаш-қурилиш механик бошқарувида (ТҚМБ) ишлашга ўтиш таклиф қилинди. ТҚМБда иш шароитлари ҳеч бир параметр бўйича ФНҚИЗдан қолишмайди, хусусан, ойлик маоши, лавозим тоифаси. Корхона раҳбарияти 400 дан ортиқ ходим ишлайдиган 32-цех персоналига апрель ойида ишни кўчириб ўтказиш, шароитлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган. Бу ишларга 400 киши гувоҳлик бериши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилиги ҳамда ички тартиб-қоидаларга мувофиқ, иш берувчи — ходимларга, агар улар рози бўлсалар, икки ойдан кечиктирмаган ҳолда ишни кўчириб ўтказиш ҳақида хабарнома бериши шарт. Шу каби билдиришномалар барча ходимларга, шу жумладан Санобархон Хайдаровага ҳам берилди. Бу хабарнома муддати 9 июнь куни тугади. Бироқ, муддат тугагандан сўнг, ходим билан доимий равишда ТҚМБга ўтишни аниқлаштириш бўйича ишлар олиб борилди ва завод маъмурияти томонидан уни ишдан бўшатишга қаратилган ҳаракатлар бўлмаган.

1 август куни аёллар кенгашида Санобархон Хайдарова завод раҳбариятига оилавий масалаларда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Раҳбарият билан суҳбат чоғида оиладаги муайян қийинчиликлар маълум бўлди. Раҳбарият томонидан ходимга қуйидаги позиция етказилди: завод қийин ҳаётий вазиятда ходимни қўллаб-қувватлашга тайёр. 5 август куни ҳамкасбимиз корхона директори билан корхона томонидан кўрсатиладиган ёрдам параметрларини муҳокама қилиш учун учрашув белгиланганди.

Санобархон Хайдарова ўз қўли билан 1 август куни ТҚМБга ўтиш бўйича ариза ёзган. Шундай қилиб, бир қатор ОАВларнинг ходим ишдан бўшатилгани ҳақидаги даъволари ёлғон характерга эга. Ходимнинг ушбу аризасига асосланиб, уни ТҚМБга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарилди.

Ҳозирги кунда завод ходими Фарғонанинг 8-сонли шифохонасининг куйиш бўлимида бўлиб, унга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Палатада заводдан доимий равишда ходимлар, Санобархон Ҳайдарованинг ҳамкасблари, шунингдек корхона касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари бўлиб турибди. Завод ходимни барча зарур дори-дармонлар, шунингдек озиқ-овқат билан таъминланиб турибди. Завод ходимлари орасидан 12 киши аллақачон жабрланувчи учун қон топширди.

Биз яна бир бор таъкидламоқчимиз — бугунги кунда ҳар қандай ҳаракатларга қарамай, Санобархан Хайдарова заводимиз ходими ва ҳамкасбимиз ҳисобланади. Ва биз томондан, унга моддий ва маънавий жиҳатдан тикланишда барча зарур ёрдам ва қўллаб-қувватлашлар кўрсатилади".