Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг «Ҳамдўстлик-2022» қўшма ҳарбий машғулотлари бошланди, дея хабар берди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.


4 август куни бўлган ўқув машғулотларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони, генерал-майор Зайнобиддин Иминов ҳамда Тожикистон Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-майор Эгамзод Шароф Худойберди сўзга чиқди.


Маросимдан сўнг Ўзбекистон ҳарбийлари Термиз полигонида кўргазмали машқлар ўтказди, унда Тожикистон ҳарбийлари ҳам иштирок этди.

Машқлар жараёнида ҳарбийлар яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда қатнашди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди. Спорт мусобақаларида икки давлат ҳарбийлари ҳам иштирок этди.