Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ушбу жойлар мулкдорларининг номига давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бу Ўзбекистон президенти 4 августда имзолаган кўп квартирали уйларни бошқариг тизимини янада такомиллаштиришга оид [ПҚ-346-сон] қарорда қайд этилган.

Бунда амалга оширилиши керак бўлган тўловлар, шу жумладан кадастр паспортини расмийлаштириш учун тўловлар жойлар мулкдорлари ёки тегишли кўп квартирали уйларни бошқариш органи томонидан икки йил давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин.

Мазкур уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома ушбу уй жойлашган ва унга туташ ер участкаларига, умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни жойларнинг мулкдорлари номига, кейинчалик реализация қилинадиган тураржойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган (нотурар) жойларни эса буюртмачи номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.

Ҳокимиятларга 2024 йил 1 январга қадар ўз ҳудудларидаги кўп квартирали уйлар жойлашган ва уларга туташ ер участкаларини умумий фойдаланиш учун (нотижорат мақсадларда) кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш юзасидан қарорлар қабул қилиш топшириғи берилди.